Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатлари
15:15 / 2022-11-09

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилиши, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидалиги, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши белгиланган.

Шу ўринда, мулк ўзи нима?-деган саволга жавоб бериб кетсак.

Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир, яъни мулк эгаси ўзига тегишли бўлган мулкдан абадий фойдаланиши, ўзининг мулк ҳуқуқини хоҳлаган вақтда тасарруф этиши мумкин. Ҳеч ким мулкдорга ўз мулкини эгаллаб туриши, ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш учун муддат белгилаш ҳуқуқига эга эмас.

Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, давлат органининг мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига қонунларда белгиланган ҳоллар ва тартибдагина йўл қўйилиши, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг мол-мулк берилиши ва унинг кўрган бошқа зарарлари тўланиши ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўла ҳажмда тўланиши белгиланган бўлсада, кейинги вақтларда мансабдор шахслар томонидан ғайриқонуний қарорлар, шу жумладан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат чиқарилиши натижасида, фуқаролар ёки юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатларини кўплаб учратиш мумкин.

Албатта қонун ҳужжатларига кўра, давлат бузилган хусусий мулк ҳуқуқининг тикланишини ва унинг суд орқали ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни уни етказган шахс томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тўла ҳажмда қопланиши керак.

Сўнгги вақтларда судлар томонидан мулкдорга етказилган зарарнинг ўрнини уни етказган шахс томонидан қоплаб бериш орқали, бузилган хусусий мулк ҳуқуқининг тикланишини борасида кўплаб суд қарорлари чиқарилиши орқали, мулкдорларнинг ҳуқуқлари тикланиб келинмоқда.

Бу эса ўз навбатида, хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини янада кучайтириш давр тақозоси эканлигини кўрсатмоқда.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармони билан тасдиқланган «Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан ишлаб чиқилган еттита устувор йўналишдан иборат 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида, мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш, хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш, хусусий мулк устуворлигини асосий тамойил сифатида белгилаш, шу жумладан давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш борасида асосий мақсад ва вазифалари белгилаб берилди.

Ушбу ислоҳотлар Ўзбекистон Республикасида хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилишига хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят суди судьяси С.Х.Рахимов