Гулистон шаҳрида “Abubakr school” ва “IT MED school” хусусий мактаблари ўз фаолиятини бошлади. Мазкур мактабларнинг очилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Бегзод Исматов, Гулистон шаҳар ҳокими Тўлқинжон Дадабоев, шунингдек, маҳалла нуронийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Қайд этилишича, “Abubakr school” хусусий мактабида дарслар давлат дастури асосида, ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Мактаб 1-7-синфлар учун мўлжалланган бўлиб, ҳар бир синфда ўқувчиларнинг сони 16 нафарни ташкил этади. Мактабда аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, хорижий тиллар чуқурлаштирилган тартибда ўқитилади. “IT MED school” хусусий мактабида ихтисослашувига кўра математика, ахборот технологиялари, кимё, биология, хорижий тиллардан инглиз, хитой, корейс ва рус тилларини чуқур ўргатишга мўлжалланган дастурлар ҳамда замонавий инновацион технологиялар асосида таълим берилиши назарда тутилган.
Бундан ташқари, Бухородаги Қоракўл мактаби, қолаверса, Кембриж, Финляндия, Сингапур ва АҚШ таълим дастурлари асосида тузилган дарсликлар, халқаро даражадаги материаллардан ҳам фойдаланилади.





Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев (суратлар), ЎзА мухбирлари