Хусусий корхона ноқонуний ҳаракати билан тизимга қарийб 2 миллиард сўм зарар етказди
Энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш бугунги кунда жамият олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Айниқса, электр энергиясини тежаш ва уни адолатли тақсимлаш масаласи нафақат иқтисодий барқарорлик, балки аҳоли ҳамда ишлаб чиқариш соҳаларида узлуксиз таъминотни таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис бу йўналишдаги қонунбузарликларга қарши қатъий чоралар кўрилмоқда.
"Ўзэнергоинспекция" ахборот хизматининг маълум қилишича, инспекциянинг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирида Нарпай туманида "Ж." хусусий корхонасига қарашли ишлаб чиқариш цехи ҳисоблагичдан ташқари тармоққа уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди.
Ушбу қоидабузарлик натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 884 миллион сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА