English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хусусий клиникалардаги қониқарсиз хизмат, тартибсиз нарх-наволар учун ким масъул?
08:07 / 2022-06-10

Давлатимиз томонидан тиббиётчилар, шифо масканлари, клиникаларга халққа адолатли, холис хизмат қилсин дея, кенг имкониятлар берилмоқда.

Аммо юртимиздаги хусусий клиникалар нечоғлик халқ манфаатлари учун хизмат қиляпти?

 Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига айнан хусусий клиникалардаги нарх-наво, ташхис қўйиш масаласида қийинчиликларга учраётган фуқаролардан мурожаатлар тушган.

 НАВБАТСИЗ КЎРИК...

   Одил Ҳамдамов турмуш ўртоғини Сергели туманидаги “Global medical center” клиникасига шифокор кўригига олиб борган, шифокор маслаҳати учун олдиндан 110 000 сўм ҳам тўлаган.  Кўрик учун анча вақт навбат кутишган, аммо кутилган вақт келганида, шифокор ўз танишини навбатсиз кўрикка олиб кириб кетган. Ҳолатдан норози бўлган О. Ҳамдамов шифокор маслаҳати учун тўлаган пулини қайтариб беришларини сўраган, лекин клиника пулни қайтаришдан бош тортган. Ҳолатни Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси ходимлари ўргангач, унинг шифокор маслаҳати учун тўлаган пули қайтариб олиб берилган.  

НОТЎҒРИ ТАШХИСЛАР...

Яна бир мурожаатчи Авазжон Холбоевга Гулистон шаҳридаги “Равшан даволаш маскани” клиникаси шифокорлари касаллик ташхисини қўйган, бироқ ташхис нотўғри чиққан. Шунингдек, Мубина Одилхўжаева ҳам “Doctor D” клиникасида даволаниб, 40 миллион сўм атрофида пул сарфлаганини, аммо тиббий муолажалардан ҳам, хизмат кўрсатиш сифатидан ҳам норозилигини билдирган. Бу каби истеъмолчиларни қийнаётган муаммоларни федерация ходимлари имкон қадар ҳал этмоқда, бироқ  мурожаатлар сони талайгина. 

Барча  соҳаларда хусусий секторнинг ривожлангани яхши. Рақобат муҳитидагина ривожланиш бўлади,  лекин бугун хусусий клиникалар хизматидан ҳамма ҳам фойдалана олмас экан, улардаги нарх-наво аҳолининг барча қатламига тўғри келмас экан, муаммолар юзага келаверади. Аслида хусусий клиникалар, уларда олинадиган таҳлиллар, ташхис ва шифокор маслаҳати учун қўйиладиган нарх-наволар назорати кимда, қайси ташкилот жавобгар?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хусусий клиникалар кўрсатаётган тиббий хизматлар сифати ва нархини кузатадими? (Маълум норматив-ҳужжатлар асосида нархлар белгиланар экан) бироқ белгиланган нархлар назоратдами? Саволлар бисёр, жавоб беришга келганда эса аниқ жавоб  ололмайсиз. Турли хусусий клиника ва шифохоналарда битта хизмат турига нархлар ҳам турлича, солиштирганда жуда катта тафовут мавжуд. Пойтахтдаги,  вилоят марказлари ва туманлардаги хусусий клиникалар нархларини солиштирсангиз, ҳайратингиз ошади... 

БЕМОРЛАР "ПУЛ" МАНБАИМИ? 

Ҳомиладор аёллар ҳар ой таҳлил топшириши, ультратовушли диагностикадан ўтишига тўғри келади. Шифокор жўнатган клиникага эмас, арзонроқ ёки ўзига қулайроқ бошқа клиникада шу текширувлардан ўтиб келса, бу текширувларни тан олмайдиган шифокорлар ҳам учраётган экан. Шифокорларимиз ҳам хоҳ давлат шифохонаси бўлсин, хоҳ хусусийда фаолият юритишсин, беморларга “пул манбаи” сифатида эмас, яқинлари учун ҳаёти қадрли бўлган инсон сифатида қарашганида, чин маънода инсонларга ҳамдард бўларди!

Самимий халқимизни содда кўриб,  бемор бўлса, ҳар недан даво, нажот излаётганидан фойдаланиб, пул топиш, ёлғонларга кўмиш тажовуз билан баробар эмасми?

Бугун малакали шифокорлар учун ҳам хусусий клиникаларда фаолият юритиш қулай. Биринчидан, ойлик-маош масаласи бўлса, иккинчидан уларда яратилган шароитлар. Бу эса инсонлар ўз ишининг устаси бўлган шифокорларни излаб, улар фаолият юритаётган хусусий клиникаларга мурожаат қилишига сабаб бўлмоқда. Шу боис бу тизимда назоратни йўлга қўйиб, адолатли тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш лозим. Демак, долзарб вазифаларни эртага қолдириб бўлмаслигини унутмайлик!

                                                                                         
                                                                                        Гулноза Шарафова, 
                                                                                    журналист