Хусусий клиникада метрологик талаблар бузилгани аниқланди
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Бухоро вилояти бўлими томонидан хусусий тиббиёт муассасаларида ўлчаш воситаларидан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш мақсадида назорат тадбирлари ўтказилди.
Назорат жараёнида Бухоро шаҳрида фаолият юритаётган “ABC” МЧЖ хусусий клиникасида мавжуд 5 та ўлчаш воситаси белгиланган тартибда метрологик текширувдан ўтказилмагани аниқланди.
Мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги қонуни 16-моддаси талабларига зид бўлиб, ушбу меъёрий ҳужжатга кўра фақат белгиланган тартибда метрологик кўрикдан ўтган ўлчаш воситаларидан фойдаланишга рухсат этилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўлчаш воситалари тиббиёт соҳасида муҳим аҳамият касб этиб, уларнинг аниқлиги ва ишончлилиги бевосита кўрсатилаётган хизматлар сифати ҳамда беморлар саломатлигига таъсир кўрсатади. Шу боис ўлчаш воситаларининг ўз вақтида метрологик текширувдан ўтказилиши муҳим саналади.
Ҳамроз Баянов,
ЎзА