Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Хусрав Нозирий пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” халқаро конференциясида, жумладан, “халқаро ҳамжамият гуманитар вазиятни яхшилаш ва инсон ҳуқуқини таъминлашда Афғонистонга ҳар томонлама ёрдам беришда давом этиши зарур”лигини таъкидлади:
– ИҲТ Афғонистонда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик тикланишни мамлакатдаги тараққиёт ва ижтимоий-иқтисодий ўсиш жараёнини қўллаб-қувватлашнинг асосий шарти, деб билади. Бу омиллар минтақавий алоқа, инвестициявий фаоллик ва мамлакатлараро савдони ривожлантиради.
– Афғонистонда минтақавий лойиҳаларни йўлга қўйиш иқтисодий ҳамкорликнинг салмоқли қисмини ташкил этади. Айниқса, Марказий Осиёнинг улкан салоҳиятидан келиб чиқиб, транспорт ва транзит лойиҳаларини, биринчи навбатда, “Трансафғон” темир йўли қурилишини амалга ошириш муҳим.
ИҲТ Афғонистон билан кенг қамровли ҳамкорлик қилиш, бу жараёнда тузилма маблағидан мамлакатнинг иқтисодий тикланишига ҳисса қўшадиган янги ташаббус ва лойиҳаларни амалга оширишда фойдаланилишига қарши эмас. Ҳозир муаммоларга жиддийроқ қараш, амалий ечимлар топиш, бутун дунё ҳамжамияти бирлашган ҳолда муҳим чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурати кучли.
Хусрав Нозирий, шунингдек, барча манфаатдор томонларни Афғонистоннинг барқарор ривожланиши йўлидаги саъй-ҳаракатни изчил давом эттиришга, бу борада тегишли таклифлар ишлаб чиқишга чақирди.
Б.Худойбердиев,
У.Маҳмирзаев,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА