Жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этиш, мамлакатни ижтимоий -иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш — аҳоли фаровонлигини юксалтириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, халқ фаровонлиги учун хизмат қилиш, Янги Ўзбекистон давлатини қуриш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлардан кўзланган мақсадларга эришиш бугунги кундаги энг муҳим талаблардан бири ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари “Маҳалла тинч бўлса, бутун юртимиз тинч бўлади, маҳалла обод бўлса, бутун мамлакатимиз фаровон бўлади” дея бежизга таъкидламаганлар.
Албатта, бунда қонун устуворлигини таъминламасдан туриб, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Шундай экан, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳуқуқ -тартибот идоралари ҳамкорлигида вилоятимизда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, охирги йилларда мамлакатимизда йўл -транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида кўплаб чора -тадбирлар кўрилмоқда. Аммо шунга қарамасдан бу борада ижобий ўзгаришлар кўп деб бўлмайди.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида қайд қилинган 3 минг 604 та жиноятнинг 6,9 фоизи ёки 249 таси йўл -транспорт ҳодисалари билан боғлиқ жиноятларни ташкил қилмоқда.

Йўл-транспорт ҳодисалари – бу нафақат моддий зарар, балки инсон ҳаётига таҳдид солувчи жиддий ижтимоий муаммодир. Бугунги кунда ҳар йили минглаб инсонлар бефарқлик, қоидаларга амал қилмаслик ёки эҳтиётсизлик туфайли жароҳат олади ёки ҳаётидан айрилади. Шунинг учун йўлларда хавфсизлик таъминлаш ҳар биримиз учун энг муҳим вазифалардан биридир.
Ўзбекистон Республикасининг маъмурий ва жиноят қонунчилигига кўра, йўл ҳаракати қоидаларини бузган шахс қонун олдида жавобгар ҳисобланади. Қонунчиликда жарима, ҳуқуқидан маҳрум этиш ёки оғир ҳолатларда жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Жорий йилнинг ўтган даврида қайд қилинган йўл -транспорт ҳодисалари натижасида 89 нафар киши ҳалок бўлиб, 160 нафари турли тан жароҳатлари олганлиги жуда ташвишли ҳолдир. Йўл -транспорт ҳодисалари билан боғлиқ жиноятлар асосан Урганч шаҳри, Гурлан, Шовот, Қўшкўпир, Боғот, Янгибозор ҳамда Тупроққалъа туманларида кескин ошган. Ушбу рақамлардан келиб чиққан ҳолда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамкорлигида ҳудудларда автотранспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш, фуқароларда намунали ҳайдовчи ва пиёда маданиятини шакллантириш орқали мудҳиш жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан “Сайёр рейд ва хавфсиз ҳаракат” профилактик тадбирлари олиб борилмоқда.
Йўл -транспорт ҳодисалари ичида бугунги кунда салмоғи анчайин юқори бўлган, яъни қувиб ўтиш билан боғлиқ қоидабузарликларни олдини олиш мақсадида “Авария ўчоғи” ҳисобланган 7 та ва “Хавфли ҳудуд” деб топилган 27 та жойда “Хоразм тажрибаси” сифатида йўлларнинг қарама - қарши йўналишини ажратиб турувчи 12 километр узунликда конус шаклидаги 2 мингта йўл устунчаси ўрнатилди. Ҳудудларда яшовчи фуқаролар ва велосипед ҳайдовчиларининг ҳаракат вақтида ҳавфсизлигини таъминлаш мақсадида 1 минг 200 дан ортиқ нур қайтарувчи нимчалар тарқатилди. Йўл -транспорт ҳодисалари кўп кузатилган “қизил нуқталар” аниқланиб, улардаги йўл инфратузилмасининг нуқсонлари бартараф қилинди.
Олиб борилган назорат - рейд тадбирларида йўл ҳаракати иштирокчиларининг 218 мингдан ошиқ қоидабузарликлари аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилиши таъминланди ҳамда ҳуқуқбузарлик оқибатлари бартараф қилингунга қадар
43 мингга яқин автотранспорт воситалари жарима майдонларига жойлаштирилди. Шунингдек, спиртли ичимлик таъсирида транспорт воситаларини бошқарганлик ҳолати билан боғлиқ 1 минг 481 та қоидабузарлик содир этилиб, 1 минг 333 нафар фуқаро ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, 26 нафари жиноий жавобгарликка тортилди. Шундай экан, ҳар қандай миқдордаги алкоголь инсоннинг реакциясини секинлаштиришини ва диққатини пасайтиришини инобатга олган ҳолда спиртли ичимлик истеъмол қилиб транспортни бошқармаслик лозим.
Вилоятда ҳайдовчилар томонидан автотранспорт воситаларини белгиланган тезликка риоя қилмасдан бошқарганлик ҳолатлари билан боғлиқ 191 мингдан зиёд қоидабузарликлар қайд қилинган бўлса, 7 минг 123 та ҳолатда светофор ва йўл белгиларига амал қилмаслик ҳолатлари аниқланди. Шунга кўра, ҳайдовчи ва пиёдалар йўл белгилари, светофор ишоралари ва белгиланган тезлик меъёрларига амал қилган ҳолда фақат белгиланган жойдан ўтиши, пиёдалар ўтиш жойи, ер ости ёки ер усти ўтиш йўлларидан фойдаланишлари, йўлни кесиб ўтаётганда телефонда гаплашмаслиги ёки мусиқа тингламаслиги шарт.
Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари бўлмаган ёки маст аҳволдаги шахсларга автомашина бошқаришни ишониб топширганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарликкача бўлган жазо турлари белгиланган. Шу боис, фуқаро томонидан билиб ёки билмасдан содир қилинган битта ҳаракат келгусида унинг қонун олдида жавоб беришига сабаб бўлиши мумкин.
Ушбу тоифа ҳодисаларнинг олдини олиш муаммоси нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун долзарб бўлиб, ҳар йили минглаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда.
Бизнинг асосий мақсадимиз – йўллардаги хавфсизликни таъминлаш орқали фуқароларимизнинг бундай ҳодисалардан жабрланиши олдини олишга қаратилган.
Йўлда бир сониялик беэътиборлик бир умрлик пушаймонликка айланиши мумкин. Ҳар бир ҳайдовчи, пиёда ва йўловчи йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилса, йўл -транспорт ҳодисаларини кескин камайтириш мумкин.
Шундай экан, “Ҳар бир қадам – ҳаёт кафолати” эканлигини инобатга олиб, аҳолидан яна бир бор транспорт воситаларини бошқаришда ҳушёрликни оширишларини сўраб қоламиз.
Муродхон Аҳмедов,
Хоразм вилоят прокурори,
адлия катта маслаҳатчиси. ЎзА