Бухоро вилоятида ўтган 2023 йилда болалар иштирокида 39 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Уларда 7 та норасида ҳалок бўлиб, 29 таси турли тан жароҳатлари олди. Жорий йилнинг 18 март куни эса Когон тумани ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида мактаб ўқувчиларини олиб кетаётган автобус ва юк автомашинаси иштирокида аянчли йул транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда бир нафар мактаб ўқувчиси вафот этган.
Ҳолат ички ишлар, мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари масъуллари иштирокида муҳокама қилинди. Маълум бўлишича, жорий йилнинг 18 март куни соат 10:30лар атрофида Бухоро вилояти Когон тумани ҳудудидан ўтувчи A-380-Б автомобиль йўлининг 32-километри ҳамда 4R-69 автомобиль йўлининг 6-километри кесишган, тартибга солинган чорраҳада 1991 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги автобус ҳамда 1984 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувида бўлган юк автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Йўл транспорт ҳодисаси натижасида бир нафар автобусда бўлган Когон тумани 5-мактаб ўқувчиси оғир тан жароҳати билан шифохонада вафот этган. Шунингдек, яна бир нафар ўқувчи оғир тан жароҳати олган, 25 нафар ўқувчиларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур ҳодиса вилоятдаги масъул идоралар, таълим муассаса раҳбарлари иштирокида кенг муҳокама қилинди. Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиев, ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ЙХХ хизмати бошлиғи ўринбосари, полковник Эрали Бозоров, вилоят ИИБ, Миллий гвардия ва вилоят ҳокимлиги раҳбар ходимлари иштирок этди.
[gallery-16527]
Йиғилишда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Миржамол Миралимов 2023 ва жорий йилнинг ўтган даврида болалар иштирокида содир бўлган йўл транспорт ҳодисаларига тўхталди. Ҳар бир рақам ортида жондан азиз фарзандларимиз ҳаёти ётганини ва улар катталарнинг бефарқлиги қурбони бўлаётганини қайд этди.
– Тартиб қоида бор, – дейди полковник Миржамол Миралимов. – Мактаб ҳудудидан дарс пайтида 1 метрга чиқиш учун ҳам рухсат олиш керак. Хавфсизлик нуқтаи назаридан хат берилади. Ички ишлар томонидан кузатув машинасини таъминлаб берамиз. Автобусни техник кўрикдан ўтказамиз. Газ баллон билан юрадиган бўлса кўрикдан ўтказилади. Ҳайдовчиси назоратга олинади ҳамда тиббий кўрикдан ўтказилиб кейин рухсат берилади.
Йиғилиш якунида барча даражадаги раҳбарларга ҳушёрликни янада ошириш ва белгиланган тартиб қоидаларни тўлиқ амалга ошириш юзасидан қатъий топшириқлар берилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари