Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ҲУШЁР БЎЛИНГ: Мактаб ўқувчиларининг ёнидан тамаки маҳсулотлари йилдан-йилга кўп топилмоқда
19:13 / 2022-10-27

Мактаб ўқувчиларининг ёнларидан тамаки маҳсулотларини топиш йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу ҳақида Тошкент шаҳрида ўтказилган «Тамаки ва қонун» мавзусига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумотларига кўра 2021 йилда 336 та, 2022 йилнинг биринчи ярмида 220 та ҳолат аниқланган, яъни 2020 йилда ўтган йилга нисбатан 2,2 баробар, 2021 йилда эса 1,4 баробар ошган. Вояга етмаганлар ёнидан топилган тамаки маҳсулотларининг аксариятини никотинли снюслар (59 фоиз), тамакили снюслар (18,8 фоиз), сўнгра электрон сигареталар (8,5 фоиз), оддий сигареталар (7,7 фоиз), носвой (4,4 фоиз) ва тамакини қиздириш тизими (1,5 фоиз) ташкил этган.  

2021 йилда 184 та, 2022 йилнинг биринчи ярмида 166 та ҳолатда никотинли снюслар топилган ёки ҳар йили ўтган йилдагига нисбатан 50-60 фоизга кўпайган.  

Бу рақамлар фақат Тошкент шаҳрида аниқланган ҳолатлар бўлиб, текширувда қўлга тушганларнигина намоён этади. Асли ҳолат эса бундан ҳам аянчли бўлиши мумкин. 

Шу сабабли ҳам унга қарши кураш чораларини кучайтириш лозим бўлиб, бунда қонунчилик нормаларини ҳам мунтазам такомиллаштириб бориш талаб этилади. 

Анжуманда «Ибн Сино жамоат фонди раҳбари Нозимхон Маҳмудов ҳамда Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази мутахассиси Шуҳрат Шукуров алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклашдаги қонунчиликни такомиллаштириш масалалари, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги янги қонун лойиҳасидаги янгиликлар хусусида ҳам маълумот берилди.

 Ушбу ҳужжат лойиҳаси жорий йилнинг 13 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси томонидан 2021 йил 21 декабрда қабул қилинган янги Қонун кўриб чиқилиб, унда коллизион норма мавжудлиги сабабли рад этилган. Айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Келишув комиссияси Сенатнинг таклифлари асосида қонунни қайта кўриб чиқиш ишларини якунламоқда. 

Шунингдек, тадбирда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича қонунчиликдаги бўшлиқларни тўлдириш ҳамда қонунчиликдаги баъзи бир чекловларни кучайтириш ҳақида маълумот берилди.  

Хусусан, тамаки маҳсулотига алоҳида таъриф берилиб, бундай маҳсулот гуруҳига:  

таркибида хомашё сифатидаги тамаки барги ва (ёки) тамаки ўсимлигининг бошқа қисмлари мавжуд бўлган маҳсулотлар, шу жумладан, чекиладиган маҳсулотлар (сигареталар, қиздириладиган тамаки маҳсулотлари, чилим учун тамаки) ва чекилмайдиган маҳсулотлар (носвой, тамакили снюс, ҳидланадиган тамаки); 

таркибида никотин ёки унинг ҳосилалари, шу жумладан, чекиладиган маҳсулотлар (электрон сигареталар, никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари учун никотинли суюқликлар) ва чекилмайдиган маҳсулотлар (никотинли снюс);  

таркибида тамаки ва никотин мавжуд бўлмаган, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари ёрдамида фойдаланиш учун мўлжалланган маҳсулотлар (чилим қоришмаси, никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари учун никотинсиз суюқлик, никотинсиз суюқлиги бўлган электрон сигареталар) киритилмоқда.

Носвой, янги тамаки ва никотин маҳсулотларни тамаки маҳсулотига тенглаштирилганларнинг айланмасини қонунчилик билан тартибга солиш ва тамаки маҳсулотига белгиланган барча чекловларнинг бундай маҳсулотларга ҳам тегишли бўлишини таъминлайди. 

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи органларнинг (Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Давлат божхона қўмитаси, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги) вазифалари аниқланмоқда. 

- Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ва истеъмол қилиш мосламаларини реализация этишга нисбатан янги тақиқлар киритилди.  

Хусусан: йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларга (изоҳ: йигирма ёшдан йигирма бир ёшга кўтарилди),  йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар томонидан; 

сотувчининг бевосита иштирокисиз, шу жумладан, савдо автоматлари, бошқа электрон ёки механик қурилмалар воситасида;  

электрон тижорат шаклида (бундан кўпикланадиган ва табиий винолар мустасно), реализация қилиниши тақиқлаш кўзда тутилмоқда. 

Сотувчи йигирма бир ёшдан кичик кўринган харидордан унинг шахси ва ёшини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса реализация қилинишини рад этиши шартлиги белгиланмоқда.  

Чакана савдо амалга оширилаётганда, тамаки маҳсулотини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини ёйиб қўйиш ва очиқ намойиш этишни тақиқлаш назарда тутилмоқда.  

Тамаки маҳсулоти ва истеъмол қилиш мосламаларининг улгуржи ва чакана савдоси юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан амалга оширилиши мумкинлиги белгиланмоқда.  

Тамаки маҳсулотининг истеъмол ўровига (қутисига) тиббий огоҳлантиришларни жойлаштириш учун ажратилган майдон юзаси 40 фоиздан 65 фоизга оширилмоқда. Шундай талаб истеъмол қилиш мосламаларига ҳам белгиланмоқда.  

Носвойдан ташқари барча чекилмайдиган тамаки маҳсулотларини, шу жумладан, таркибида никотин мавжуд бўлган чекилмайдиган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилишни тақиқлаш кўзда тутилмоқда.  

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш мумкин бўлмаган жамоат жойларнинг аниқ рўйхати кўрсатилиб, чекиш учун ажратилган махсус жойларга минимал талаблар белгиланмоқда. Шунингдек, бундай жойларда чекишга йўл қўйилмаслик учун масъул шахсларнинг (ташкилотларнинг мансабдор шахслари, ўз тасарруфида бинолар, иншоотлар, жамоат транспорти бўлган) шахсларнинг мажбуриятлари аниқланмоқда.  

Шу муносабат билан тадбир иштирокчилари қонунни Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси томонидан тезроқ қабул қилиниши ёш авлодни тамаки саноати маркетинг таъсиридан камайтириши, ёшлар орасида чекиш даражасини қисқартиришга ва миллат генофондини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшишини алоҳида таъкидладилар.  

Маълумот учун: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, тамаки ҳар йили бутун дунёда 8 миллиондан ортиқ кишини ўлдиради. Ушбу ўлим ҳолларининг 7 миллиондан ортиғи тамакини бевосита истеъмол қилиш оқибати бўлса, 1,2 миллионга яқини бу иккиламчи тамаки тутуни таъсирида бўлган чекмайдиган одамлардир.  

Алкоголни зарарли истеъмол қилиш натижасида ҳар йили дунё бўйича 3,3 миллион ўлим ҳолати юз беради, бу эса барча ўлим ҳолатларининг 5,3 фоизини (эркаклар орасида 7,7 фоиз, аёллар орасида 2,6 фоиз) ташкил қилади.  

Касалликлар ва жароҳатлар юкининг 5,1 фоизи алкоголь истеъмол қилиш натижасида юз беради. 20-39 ёшдаги одамлар орасида барча барвақт ўлим ҳолатининг тахминан 13,5 фоизи алкоголь истеъмоли билан боғлиқ.  

 Н. Тошпўлатова, ЎзА