Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хуш келдинг, ойларнинг султони, моҳи Рамазон!
09:48 / 2024-03-11

Инсон бор экан, мудом поклик, маънавий етуклик сари интилаверади. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 7 мартдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорини халқимиз шод-хуррамлик ва шукроналик билан кутиб олди.

Халқимиз ҳаётида билим ва маърифат, маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари улуғланадиган муборак Рамазон ойининг аҳамияти катта бўлмоқда. Мамлакатимиз мўмин-мусулмонлари ушбу муқаддас ойни доимо орзиқиб, катта хурсандчилик билан кутиб олади. Оила ва маҳаллаларда ўзаро меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, ёш авлодни билим-маърифат ва гўзал хулқ соҳиблари этиб камол топтириш, эҳтиёжманд инсонларга кўмак ва ёрдам кўрсатиш каби эзгу амалларни сидқидилдан, ихлос билан адо этишга интилади.  

Давлатимиз раҳбарининг бу ойда эзгу ишлар кўламини кўпайтириш борасидаги ташаббуслари янгиланиш жараёнларида кечаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.  

Дарҳақиқат, Рамазон – табаррук ой. Моҳи муаззам – барчамиз орзу қилиб, интиқиб кутган ой. Рамазон – меҳру мурувват, саховат ойи. Эзгулик, меҳр-мурувват, оқибат ва саховат, ўзгаларга кўмак қўлини узатиш, йиқилганни суяш фазилатларимизнинг ажралмас қисмидир.  

Кейинги йилларда мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида кучли ижтимоий ҳимоя, аҳолининг барча қатламлари манфаатларини сўзда эмас, амалда ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фуқароларнинг эътиқод эркинликларини таъминлаш, қадимий анъана ва қадриятларимизнинг бардавомлигини сақлаш, бу борадаги ибратли ишлар қамровини кенгайтириш олиб борилаётган янгиланиш ислоҳотларида устувор ўрин эгаллайди.  

Ҳамюртларимизнинг диний амалларни, айниқса муборак Ҳаж ва Умра амалларини эмин-эркин, ортиқча оворагарчиликларсиз, тўсиқларсиз адо этишлари учун дунёнинг бошқа давлатлари ҳавас қилса арзигулик шароит ва имкониятлар яратилди. Буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида Имом Бухорий халқаро маркази, Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази каби маърифат масканлари самарали фаолият кўрсатмоқда.  

“Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорга мувофиқ ойларнинг султони саналмиш Рамазон ойида эзгу амаллар ҳажми янада кенгаяди. Кексалар, беморлар, боқувчисини йўқотган инсонлар, ота-она меҳридан бебаҳра қолганлар ҳолидан хабар олиш борасидаги ишлар қамрови янада ортади.  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу йилги Рамазонни меҳру мурувват ва саховат ойига айлантириш ташаббуси билан чиқди. Ҳали муборак ой бошланмасиданоқ, унга алоҳида тайёргарлик кўрила бошланди.  Бу ойда етим-есир, бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олишдек савобли ишлар тобора бардавом бўлади.  

Мусулмонлар идораси маълумотларига кўра, жорий йилда Рамазон ойида  юртимиздаги 2000 дан ортиқ масжидларда таровеҳ  намози, шулардан 1 минг 600 дан зиёдида 27 кун давомида Қуръони карим хатм қилинади. Бунинг учун мазкур масжидларга 3 минг нафардан ортиқ хушовоз қорилар жалб этилади.  

Зиёратгоҳлар, мўътабар масканларда ободонлаштириш, ҳашар ишлари олиб борилади. Бу йил Наврўз айёмини ҳам ўзида мужассам этган қутлуғ моҳи Рамазонда кўча-кўйлар, ҳовли жойлар, кўп қаватли уйларнинг атрофлари тартибга келтирилади.  

Муқаддас Қуръон нозил бўлган бу фазилатли ойда инсонлар рўза тутиб, наинки, еб-ичардан, балки номақбул сўзлардан, ғийбат, ичиқоралик,  бахиллик, ўзгаларни мазахлаш, таъмагирлик ва бошқа кўплаб иллатлардан сақланишлари, ёмонликлардан тийилишлари динимизда буюрилган.  

Мамлакатимизнинг барча масжидларида Рамазон ойи бошланганининг  илк дебочаси – таровеҳ намозлари ўқилди. Юртга тинчлик-осойишталик, халқимизга фаровонлик, хонадонларга қут-барака, сиҳат-саломатлик, омонлик тилаб, дуолар қилинди. Муборак моҳи Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин! Хуш келдинг, ойларнинг султони, сардори, ғанимати, моҳи Рамазон!  

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири