Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хуш келдинг, Наврўз!
09:17 / 2025-03-21

Шарқона янги йил бошланадиган қутлуғ кун – Наврўзи олам асрлар давомида баҳор, эзгулик, меҳр-оқибат, меҳнат ва бунёдкорлик рамзи сифатида эл-юртимизнинг ҳаётида беқиёс ўрин тутиб келмоқда.

Бу йилги Наврўз шодиёналари ҳам Хоразм воҳаси бўйлаб янгича руҳ ва мазмун касб этди.  

Янгиланиш, яшариш, байрамининг асосий тантаналари Урганч шаҳридаги "Ёшлик" спорт мажмуасида бўлиб ўтди. Наврўз сайлида барча туман-шаҳар, корхона - ташкилотларга алоҳида павильонлар ажратилди. Баҳорий таомлар тайёрланиб, элга улашилди. Қадим анъаналар, миллий ҳунармандчилик буюмлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмалари намойиш этилди.  

Боғнинг ҳар бурчагида концерт дастурлари, фальклор жамоаларнинг чиқишлари, турли кўнгилочар тадбирлар, бобо ва момоларимиздан  мерос қадриятлар кўрсатилди.Ўзига хос рақобат усулида тайёрланган кўргазмалар, байрам чиқишлари ҳакамлар ҳайьати томонидан баҳоланди.

[gallery-22385]

–  Вилоятимизда Наврўз байрами тантанали равишда нишонланмоқда, –дейди Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали доценти Феруза Отажонова, –Байрамда барча жамоалар фаол иштирок этишмоқда. Ҳар бир ҳудуд ўзига хос миллий урф-одат ва анъаналарни намоён этувчи чиқишлар, фольклор ансамбллари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари ҳамда халқ ўйинлари билан байрамга ўзига хос кайфият бағишламоқда.

“Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” деган бош ғояни ўзида мужассамлаштирган умумхалқ сайиллари вилоятнинг барча ҳудудларида – маҳалла ва овулларда, кўча ва гузарларда кенг нишонланмоқда. Шунингдек, таълим муассасаларида ҳам миллий таомлар сайли, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ва турли кўнгилочар дастурлар, танловлар  гўзал тарзда ташкил этилмоқда, – дейди Урганч давлат педагогика институти ректори Феруза Мадраҳимова. – Жумладан, бизнинг олийгоҳда ҳам    умумхалқ миллий байрами муносабати билан “Ректор кубоги” спорт мусобақалари  ташкил этилди. Мазкур спорт мусобақаларининг мақсади интеллектуал ўйинлар орқали ёшларнинг ақлий, спорт орқали жисмоний  қобилиятларини янада ошириш, билим ва кўникмаларини ривожлантириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишдир.

Дарҳақиқат, “Ёшлик мажмуаси”да байрам иштирокчилари Наврўзнинг янгиланиш, тотувлик ва меҳр-оқибат рамзи эканини яна бир бор ҳис қилишди. Айниқса, ўзгача фестивалга келиб қолган хорижлик сайёҳлар ўз ҳайратларини яширмадилар.  

–  Мен Ўзбекистонга биринчи бор келишим, – дейди канадалик сайёҳ Жовел Элоне. – Турмуш ўртоғим билан Наврўз байрами арафасида келганимиз эса омадимиз деб биламан. Байрам баҳона ўзбекларнинг қадриятлари, маданияти, санъати ва миллий таомлари билан танишдим. Ҳар бир мезбон жуда хушмуомила. Қаерга борсак, рақсга ва тансиқ таомлар жамланган дастурхонга таклиф қилишади. Бу халқнинг меҳмондўстлиги менда жуда илиқ таассуротлар қолдирди. Кейинги байрамларда ҳам шу ерда бўлишни истайман.  

Мажмуанинг ичкари кисмида ташкил этилган мусиқий дастур йиғилганларга

хуш кайфият, байрам завқини улашди. Бу ерда ҳам кўргазмалар намойиш этилди.  

Вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов бошчилигидаги фаоллар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳар бир кўргазмаларни кўздан кечириб, йиғилганларни Наврўзи олам билан қутлади.  

Намойиш этилган турли миллат вакилларига хос буюмлар, рақслар ўша халқнинг қадим қадриятларидан сўзлайди.  

–  Мамлакатимизда ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар фаолиятини кенг қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда,– дейди вилоят рус маданий маркази раҳбари Татяна Степонкова. – Бугунги кунда юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакилларининг анъаналарини равнақ топтириш, уларнинг эмин-эркин ижод қилиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратилган. Наврўз байрами эса жонажон Ватанимизда барча миллат ва элат вакилларининг эркин, тинч-тотув, аҳил-иноқ, бир оила бўлиб яшаётганига яққол мисолдир.

Катта саҳнада театрлаштирилган концерт дастурида вилоятнинг ижодий жамоалари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар, саҳна кўринишлари, пойтахтдан келган таниқли санъат ва маданият

намоёндаларининг чиқишлари барчага байрам кайфиятини улашди.  

Наврўз сайллари кўҳна воҳа бўйлаб давом этмоқда.

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари