Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳуш келдинг, Наврўз!
19:20 / 2022-03-20

Президентимизнинг жорий йил 17 февралдаги “2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мазкур қувончли кун бугун жойларда “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган бош ғоя остида кенг нишонланмоқда.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида "Ассалом, Наврўз" деб номланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Сайл тарзида ташкил қилинган тадбирда университет раҳбарияти, кореялик меҳмонлар, профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари қатнашдилар.

Тадбирда миллий урф-одатларимиз акс этган ўйинлар, ишланмалар, кулолчилик намуналари, мусиқий чолғу асбоблари, қўл меҳнати ёрдамида ясалган миллийлигимизни тараннум этувчи буюмлар кўргазмалари,  шунингдек, ўзбек ва корейс миллатларига хос рақс дасталари, либослар намойиши ташкил этилди. Байрам доирасида болалар ва катталар учун аквагрим, ҳина чизмалари каби мастер-классларнинг уюштирилиши йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Шу билан бирга, университет ташкилотчилари томонидан азалий урф-одатларимизга мувофиқ дастурхон безатилди. Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари учун анъанавий бўлган баҳорий таомлар, ширмой кулчалару патирлар, дошқозонда кечаси билан қайнаб пишган сумалаклар ҳамда иссиққина палов дастурхонларга тортилди.

Айниқса, “Сато” гуруҳи томонидан янграган куй-қўшиқлар Наврўзи оламни ҳамжиҳатликда кутиб олиш учун йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.

– Олий таълим муассасамиз халқаро университет ҳисобланади, – деди Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Музаффар Джалолов.  – Яъни, Корея ва Ўзбекистон ҳамкорлигида фаолият юритиб келмоқдамиз. Шу сабабдан, бугунги байрамимизга Кореядан меҳмонлар ташриф буюришган. Уларнинг давлатида ҳам баҳорги байрамлари бўлганлиги боис, бизнинг Наврўзга бағишланган тадбиримизни қандай кўтаринки рухда нишонланаётганимизни катта қизиқиш билан кузатишади.

ЎзА