Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10 августда қабул қилган “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори уюшма фаолиятида янги босқични бошлаб берди.
Ислоҳотлар журналистикамиз соҳаси медиа муҳитини ўрнини тобора кучайтириш учун зарур шароитларни яратди. Илк бор уюшманинг молиявий манбаи белгиланди. Шу вақтга қадар жамоатчилик асосида ишлаб келган ҳудудий бўлимлар учун штат бирликлари белгиланиб, ойлик маош тайинланди. Қарорда белгиланган чора-тадбирлар мамлакатимиз журналистикасининг жаҳон ахборот майдонидаги нуфузини ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Тошкент шаҳар бўлими раҳбар органларини сайлашга бағишланган умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда уюшма раҳбарияти, уюшма аъзолари, таниқли журналистлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди. Уюшманинг Тошкент шаҳар бўлими раиси, бошқарув аъзолари ва тафтиш комиссияси сайланди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хуршид Дўстмуҳаммад ва бошқалар миллий матбуотга қаратилаётган эътиборга журналистика соҳаси муносиб бўлмоғи кераклигини таъкидладилар.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси 1964 йилдан буён фаолият кўрсатаётган бўлса, ўша вақтдан бери мазкур ижодий ташкилотининг Тошкент шаҳар бўлими иш олиб бормоқда. Ўтган вақт мобайнида уюшманинг Тошкент шаҳар бўлимига бир қатор таниқли журналистлар раҳбарлик қилган.
Йиғилишда таъкидланганидек, Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, уларни қўллаб-қувватлаш, фаол журналистларни ҳам моддий, ҳам маънавий рағбатлантириш, фахрий ва хаста журналистлар ҳолидан хабар олиш, блогерлар, босма ва интернет нашрлардаги журналистлар бошини бир эзгу мақсад йўлида қовуштириш, уюшмага аъзо бўлишни истаган ижодкорларнинг ҳужжатларини тўплаш, базага жойлаштириш каби масалалар бўйича атрофлича фикр билдирилди.
"Ишонч" ва "Ишонч-Доверие" газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Тошкент шаҳар бўлими раиси этиб сайланди.
Тадбир якунида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Тошкент шаҳар бўлими бошқарув аъзолари ва тафтиш комиссияси зиммасига юклатилган вазифалар юзасидан ҳам фикрлар билдирилди. Амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгиланди.
Н.Усмонова, ЎзА