French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хуршид Дўстмуҳаммаддан янги йил туҳфалари
10:13 / 2021-01-07

Адабиётда бир бирига ўхшаш, бир-бирини тўлдириб турадиган ижодкорларни истаганча учратиш мумкин.

Ҳеч кимга ўхшамайдиган, ҳатто, ҳеч кимни эслатмайдиган адиблар эса бармоқ билан санарли бўлади. Ўзбек адабиёти ўтмишида ҳам, бугунида ҳам бундай сўз усталари, таъбир жоиз бўлса, сўз заргарлари бор. Хуршид Дўстмуҳаммад ана шундай дунё сўз усталари билан бўйлашадиган адибларимиздан.

2021 йилнинг дастлабки кунлари адибнинг тўрт жилдлик сайланмаси “Янги аср авлоди” нашриёти томонидан нашр этилди.

Сайланманинг биринчи китоби “Ҳикоя”, иккинчиси “Қисса”, учинчиси “Роман”, тўртинчиси “Изҳор” деб номланади.

“Ҳикоя”га адабиётшунос Баҳодир Карим самимий сўзбоши ёзган.

“Адибнинг ҳикоялар китоби хусусида таассуротлар ёзиб, баъзиларига баҳо бермоқчиман; ниятим – ўқувчида қизиқиш ва рағбат уйғотиш. Аслида тийрак – теран назарли китобхон ҳам, адибнинг ўзи ҳам ўнгсўзимга муҳтож эмас. Чунки Хуршид аканинг янги асарлари адабий жараённи жиддий кузатиб бораётган ўқувчилар томонидан кўпинча жуда илиқ кутиб олинади, муҳокамалар қилинади. Қолаверса, ҳар бир ижодкор ўз асарлари қадр-қийматини, мақомини, баҳоси ва умрини ўзи яхши билади. Инчунин Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикоячилик бобида махсус тадқиқот ёзиб, илмий даражага эга адабиётшунос ҳамдир...” деб ёзади у.

Таъкидлаш жоизки, Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикоялари осон ўқилмайди. Ўқувчи адиб нима демоқчи бўлганини мулоҳаза қилиши, фикр чиғириғидан ўтказишига тўғри келади. Аслида адабиётнинг бош мақсади ҳам шу. Ҳақиқий ижодкор китобхонни адабиётнинг сеҳрли оламига бошлаб кириши керак...

Иккинчи китоб – “Қисса”дан адибнинг қатор асарлари жой олган. Ўқувчилар, эҳтимол, қачонлардир бу асарлар билан юзма юз келган бўлиши мумкин. Адиб бу асаларини ўқувчиларига ҳисобот сифатида тақдим этаяпти.

Бир муҳим жиҳати, Хуршид Дўстмуҳаммад қиссаларининг бош қаҳрамони, бу адибнинг ўзи. У бу қиссаларда ўзининг Олам ва Одам тўғрисидаги изтиробли ўйларини, инсон феъл-атворидаги жумбоқларни, кези келса, оддий инсоний муносабатлар нечоғли мураккаблигини чиройли усулларда ифодалай олган. Хуршид Дўстмуҳаммад қиссаларининг яна бир ўзига хос жиҳати, ўзи билан курашиб, ич-ичдан изтироб чекаётган, ўзининг хатти-ҳаракати, ҳолатини англолмай иккиланаётган, теварак-атрофидагиларнинг хулқи, феъл-атворидаги, ўзаро муносабатлардаги мураккабликлар тўғрисида ўйлаб ўртанаётган одамлар олами ҳам жуда ишончли тарзда кўрсатилади.

Адибнинг ҳикоя, қиссалари қатори романлари ҳам адабиётимизга ўзига хос бир янгича ҳаво олиб кирган эди. Бундан йигирма йиллар бурун чоп этилган “Бозор” романида Х.Дўстмуҳаммад инсон феъл-атворини, орзу ҳавасларию қисматини кенг маънодаги бозор майдонида кўрсатишга, тасвирлашга ҳаракат қилган эди ва бу адабиёт ихлосмандлари таҳсинига сазовор бўлган эди.

Иккинчи романи “Донишманд Сизиф”да адиб воқеалар тизимини олис ва кўҳна юнон халқ афсонасидан олган бўлса-да, унга ўзбекона тафаккур либоси билан кўрк бағишлай олган.

“Ўйин” романи эса деярли янги, бамисоли тандирдан узилган нондек... У ҳам ўзига хос. Адиб бу асари орқали табаррук ёшдан болаликка қайтади, болаликнинг бетакрор ва суронли онларини ўқувчига тақдим этади...

Сайланманинг тўртинчи китоби – “Изҳор” ўз номи билан дилномадир. “Изҳор”да жамланган, адиб таъбири билан айтганда, СЎЗлар – қалбдан отилиб чиққан самимий талқинлар, таҳлиллар, тадқиқотлардан иборат. Китобни ўқир экансиз, ёзувчи қаршингизда нафақат етук ижодкор, балки ажойиб дўст, дарёдил устоз, садоқатли шогирд, бир сўз билан айтганда, чин Инсон қиёфада гавдаланади.

Биз “Изҳор”ни дилнома дедик.

Адиб эса шундай дейди: “Қодир Эгамиз ўз бандалари учун изҳор мўъжизасини ато этди. Изҳорлар изҳори эса – бадиий ижод! Сўз! Меҳр-муҳаббат,самимият, садоқат, шафқат туйғуларидан туғилган дил изҳори шакл-шамойилидан қатъи назар, акс садо бермай қолмайди. Инсон инсонга, ижодкор ижодкорга...сўз сўзга кўзгу. Ҳар бир дил изҳори ўзга дилларни тарбиялайди, яйратади, изҳорга изҳорлар уланади... ”

Ҳурматли адибимизнинг ниятлари амалга ошсин. Асарлари ҳамиша бизга кўзгу вазифасини ўтасин.

Хуршид Дўстмуҳаммаднинг сайланмасидан ўрин олган тўрт улкан китоб бошланаётган янги йилимизда китобхонлар, адабиёт ихлосмандлари учун чинакам совға бўлди.

Алишер Нарзулло, ЎзА