Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Атоқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Танланган асарлар” китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Китобдан адибнинг кўп йиллик ижодий бисотидан саралаб олинган, китобхонлар кўнглининг забт этган “Эрта баҳор”, “Жажман”, “Қоялардан баландда”, “Жим ўтирган одам”, “Қичқириқ”, “Муҳтарам жаллод жаноблари” каби ҳикоялари, “Чаёнгул ёхуд қуйиқишлоқча қотиллик”, “Уч қўшиқ”, “Куза”, “Катта кўча” сингари қиссалари, шунингдек, “Бозор”, “Донишманд Сизиф”, “Жойс” каби романлари жой олган.
Хуршид Дўстмуҳаммад замонавий ўзбек насрини янги шакл-услуб ва тасвирий изланишлар билан ўзига хос тарзда бойитаётган ёзувчилардан. Унинг асарлари одатдаги анъанавий ҳикоя, қисса, романлардан фарқ қилади. Бир қарашда тушунилиши анча мураккабдек туюлади. Ҳазм қилолмаётгандек бўласиз. Аммо адиб асарлари руҳига кириб олгач, мазза қилиб ўқийсиз.
Асар қаҳрамонлари билан бирга яшайсиз, оғир дамларида руҳингизда кимдир буров солаётганини яққол ҳис қилиб турасиз.
Хуршид Дўстмуҳаммад жаҳон ва миллий адабиётимиз анъаналарини ўқувчига юксак бадиият ила уйғунлаштириб, тақдим эта оладиган ёзувчи.
Муаллиф ўзи ҳақида шундай ёзади: “... Нима сабабдан одамлар низолашадилар, жанжаллашадилар, келишолмайдилар? Наҳотки, муроса йўли шунчалар йироқ бўлса?!
Бу каби саволларга ечим тополмай, ич-этимни еб юраман. Шахсан ўзимга дахли бўлмаган келишмовчилик ҳам менга оғир ботади, изтироб чекаман.
Ҳамиша “мағлублар”. “заифлар” томонини олдим. Қандай бўлмасин, хоҳ оилада, хоҳ кўчада “мазлумлар” ҳимоячисига айланрдим. Қутқармачоқ ўйини менга бошқа ўйинлардан кўра завқлироқ тубларди. Қўй-қўзи, парранда, кучукча боқишни яхши кўрардим.
Менда дунёни бадиий идрок этиш истаги – қалам тутиш иштиёқи ана шу ачиниш, ҳамдардлик, қайғудошлиу, меҳр-шафқат туйғусидан бошланмадимикан?..”
“Бадиий адабиёт ўзи топган, кашф этган, яратган нореалликлари, ғайриреалликлари билан ҳаёт реаллигини мудом маъно-мазмунга тўлдириб туради, уни шакллантиради, ривожлантиради, унга жозиба бахш этади. Уни йўлга ҳам солади. Бадиий тафаккур мўъжизаси миллат, халқ, Ватан мўъжизасидан қадимийроқ, сеҳрлироқ, синоатларга бойроқ. Қимматроқ! Адабиётнинг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини кенг омма онгига чуқур сингдириб бориш – ватан, халқ, жамият ҳақида, умуммиллий дид-савия ҳақида қайғуриш демакдир”. Бу қарашлар муаллифи ҳам адиб Хуршид Дўстмуҳаммад.
Беназир адиб Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Танланган асарлар”ини, албатта, ўқинг. У руҳий дунёнгизга қишдан кейинги кўклам эпкиларини олиб киришига шубҳа йўқ.
А.Нарзуллоев, ЎзА