Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 февралдаги “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар МҲХСни сифатли қўллаш учун 2021 йил якунига қадар халқаро сертификатларга эга камида уч нафар бухгалтерия хизмати ходими билан таъминланиши кўзда тутилган.
Мазкур қарорга асосан ушбу соҳа ходимлари Халқаро сертификатлаш доирасида “МҲХС бўйича молиявий ҳисобот” фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ҳужжатга ёхуд “Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер (CIPA)”, “Сертификатланган дипломли бухгалтер (АССА)”, “Сертификатланган жамоатчи бухгалтер (СРА)” ва “Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR)” сертификатларидан бирига эга бўлиши талаб этилади.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг Ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимовнинг қайд этишича, ушбу қарор ижросига асосан МҲХСни жорий этиш бўлими, Бухгалтерия ҳисоби ва корпоратив ҳисобот департаменти ходимлари учун махсус “МҲХС асослари” ва “МҲХС бўйича диплом (DipIFR)” ўқув курслари ташкил этилди.
– Онлайн ва офлайн шаклларда уюштирилган ўқув республикамизда катта нуфузга эга бўлган “Profi Training” Бизнес мактабининг маҳоратли тренерлари томонидан ўтказилди. “DipIFR” халқаро бухгалтер сертификати, жаҳон миқёсида профессионал бухгалтерларни бирлаштирувчи "АССА" ташкилоти томонидан тақдим этилади.
“АССА DipIFR” халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлиш учун "АССА" ташкилотининг ходимлари томонидан ўтказиладиган малака имтиҳонини муваффақиятли топшириш зарур. Бутун жаҳон бўйлаб мазкур имтиҳон ҳар йили икки маротаба, июнь ва декабрь ойларида ўтказилади. Ўзбекистонда мазкур имтиҳон Британия консуллиги томонидан ташкил этилиб, имтиҳон натижалари "АССА"нинг Лондондаги штаб-квартирасига юборилади.
Таъкидлаш жоизки, 2021 йилдан бошлаб “АССА DipIFR” дипломини олиш учун имтиҳонлар компьютерларда, информацион технологияларни қўллаган ҳолда амалга оширилмоқда, – деди С. Ҳошимов.
Шу йилнинг июнь ойида ташкил этилган “АССА DipIFR” дипломини олиш учун имтиҳонда “Ўзбекнефтгаз” АЖ марказий аппарати ходимлари ҳам иштирок этди. Ўтказилган имтиҳон натижалари жорий йилнинг 20 июлида эълон қилинди.
Қувонарлиси, “Ўзбекнефтгаз” АЖ марказий аппарати Бухгалтерия ҳисоби ва корпоратив ҳисобот департаменти гуруҳ раҳбари Хуршид Авезов жами 66 балл тўплаб, имтиҳонни муваффақиятли топширди ва "АССА DipIFR" халқаро бухгалтер сертификатига сазовор бўлди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА