Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳурмуз бўғози: Хитой “ақлли юриши”ни давом эттиряпти
13:03 / 2026-03-06

Хитой Ҳурмуз бўғози орқали танкерлар хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш масаласида Эрон билан музокара олиб боряпти. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги дипломатик манбаларга таяниб хабар берди. Айни пайт АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти туфайли стратегик аҳамиятга эга мазкур денгиз йўлаги деярли ёпилган.

Ҳурмуз орқали жаҳон нефти ва суюлтирилган газининг қарийб 20 фоизи ташилади. ХХР эса нефть билан боғлиқ эҳтиёжининг тахминан 45 фоизини айнан шу йўл орқали келадиган Яқин Шарқ энергия манбаларидан қондириб келади. Шу боис Пекин Теҳронни кемалар ҳаракатига чекловни юмшатишга чақирмоқда.

Манбаларга кўра, айрим кемалар аллақачон Хитойга тегишли эканини билдириб, бўғоздан ўтишга муваффақ бўлган. Глобал бозордаги хавотирни йўқотиш учун эса бундай рейслар сони анча кўпайиши керак.

Можаро бошлангандан бери нефть нархи 15 фоиздан кўп ошди. Бунинг устига кўрфаздаги энергетика инфратузилмаларига берилаётган зарбалар ҳам беқарорликни кучайтирмоқда.

Кузатув хизмати маълумотига кўра, 1 март куни Ҳурмуз бўғози орқали атиги тўртта нефть ортилган кема ўтган. Одатда бу рақам кунига ўртача 24 тага тенг бўларди. Айни пайт 300 га яқин танкер яқин атрофда йўл осилишни кутиб турибди.

Эрон ҳукумати аввалроқ АҚШ, Исроил ва Европа давлатларига тегишли кемалар бўғоз орқали ўтиши тақиқланганини билдирган. Баёнотда Хитой учун бирор чеклов қайд этилмаган.

Мусулмон Зиё, ЎзА