Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳуқуқшунослик фанининг дарғаси
20:47 / 2025-10-20

Академик Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов таваллудининг 100 йиллигига

Алломаларимиз таъкидлаганидек, “Заковат бор жойда улуғлик бўлади.”

Ҳақ гап... 

Мамлакатимиз бўйлаб таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланаётган устоз академик Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов жуда катта заковат соҳиби эди. 

Шундай инсонлар бўладики, улар ўзининг юксак интеллектуал салоҳияти, бошқаларга бўлган беқиёс меҳр-муҳаббати, поклиги ва ҳалоллиги билан инсонийликнинг энг олий чўққиларини забт этади.

Шунинг учун улар ўз халқининг фахрига айланади. Мана шундай улуғ шахслардан бири – ўзбек халқининг, шунингдек, юртимиз юриспруденциясининг ҳақли равишда улуғ дарғаларидан бирига айланган устозимиз Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловдир. У киши ўзбек халқининг фахрли фарзандларидан биридир.

Мана шундай улуғ инсонга замондош, қолаверса, шогирд бўлганимдан ҳамиша фахрланаман. У киши менга тўғри йўл кўрсатган, илмий тадқиқотларимга раҳбарлик қилган. Такрор бўлсада айтишим керак, бу мен учун беқиёс бахт ва шарафдир... 

Устоз Ўзбекистон мустақиллигигача бўлган даврда ҳам, мустақилликдан кейин ҳам, айниқса, ҳуқуқшунослик илми ва фанининг ривожланишида беқиёс хизмат қилди. Бу соҳага ривожига устозимиздек муносиб ҳисса қўшган бошқа бир олимни эслай олмайман. Албатта, бошқа ҳуқуқшунос олимларимиз ҳам эътирофга ва таҳсинга лойиқ, аммо Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов бу жабҳада ҳақли равишда энг юқори поғонани эгаллайди. У киши ўз илми, тажрибаси ва шахсий фазилатлари билан бутун бир авлод ҳуқуқшуносларининг шаклланишига улкан таъсир кўрсатди.

Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов – ҳақиқий феномен. Унинг қиёфаси, тафаккури ва интеллекти ҳақиқатан ҳам юксак, беқиёс даражада. Энг аҳамиятли жиҳати шундаки, ўзининг чуқур билими, илмий салоҳияти ва фидокорона меҳнати билан ўзбек халқини дунёга танитган инсонлардан бири, десак, ҳаргиз муболаға бўлмайди. Академикнинг юзлаб илмий ишлари, фундаментал аҳамиятга эга бўлган асарлари орқали нафақат ҳуқуқшунослик фани, балки бутун ўзбек халқининг илмий салоҳияти жаҳонга намоён бўлди.

Бугун кўплаб ҳуқуқшунослар ҳақли равишда Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловни ўз устози деб биладилар ва бундан фахрланадилар. 

Куни кеча биз бир гуруҳ олимлар билан устозимиз ҳаёти ва фаолияти тўғрисида суҳбатлашдик. Суҳбатдошларимиз Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловда илмдаги улуғлик билан бирга ниҳоятда юксак камтарлик борлигини таъкидладилар. Ҳақиқатан ҳам, ким бўлишидан қатъи назар — талаба бўладими, ёш олимми ёки ҳамкасб — ким ундан маслаҳат сўраса, устоз барча ишини четга суриб, аввал шу инсоннинг муаммосини ҳал этишга киришар эди. У киши “бошқа куни келинг” ёки “вақтим йўқ” деган сўзни ҳеч қачон ишлатмаган. Ана шу оддий, лекин буюк фазилатлари билан устоз кўпчиликка ҳақиқий ибрат ва намуна бўлиб қолди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илм-фан ва маънавият соҳасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Илм-фан дарғаларининг ҳаёти, уларнинг юртимиз тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасига бўлган эътибор янги, юксак босқичга кўтарилди – буни ҳақли равишда таъкидлаш лозим. Забардаст олимларимиз, буюк устозларимизнинг юбилейлари кенг нишонланаётгани ҳам айнан шу эътибор ва қадрнинг ёрқин ифодасидир.

Минг афсуски, тарихимизда илм ҳам, олим ҳам муносиб қадрини топмаган замонлар бўлди. Буни яшириб бўлмайди. Лекин ҳақиқий илм ҳам, ҳақиқий инсонийлик ҳам ҳеч қачон унутилмайди. Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловнинг ҳаёти ва фаолияти, илмий мероси илм жисман йўқолса-да, абадий қадр ва қиймат билан яшашининг амалдаги исботидир. 

Бу инсоннинг илмий-ижодий ва ҳаётий фаолияти ҳақида юзлаб мақолалар ёзилган, ҳатто унга бағишлаб монографик асарлар ҳам яратилган. Аммо бу барча ишлар шунчаки улуғлаш эмас – балки у кишининг амалий ҳаётда, биз шогирдларига қолдирган илмий мероси ва асарлари орқали, энг ишончли далиллар асосида улуғланиши билан аҳамиятлидир. Бу, ўз навбатида, устознинг шахсий меҳнати ва илмий изланишларининг ҳақиқий қийматини яна бир бор намоён этади.

Яқинда юридик соҳада беқиёс хизмат қилган устозларимиздан бири – Омон Оқюловнинг ташаббуси билан фуқаролик ҳуқуқи йўналишининг дарғаси Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловнинг мустақилликнинг дастлабки йилларида чоп этилган фундаментал илмий асари – “Фуқаролик: ҳуқуқлар, эркинликлар, бурчлар” ҳамда менинг муаллифлигимда 2024 йилда чоп этилган “Шахсий ҳуқуқлар: миллий қонунчилик ва хақаро стандартлар” номли ўқув қўлланмаси биргаликда битта китоб шаклида нашр этилди. Ўйлайманки, Омон Оқюловнинг ғоя ва ташаббуси асосида тайёрланган ушбу мўжазгина рисола юриспруденция фанини ўрганаётган талабалар ва ҳуқуқшуносликка қизиққан ҳар бир киши учун муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади. Бу хайрли ишдан Устознинг ҳам руҳи шод бўлади...

Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов ўзининг узлуксиз меҳнати ва илмий изланишлари орқали бир қатор нуфузли таълим даргоҳларининг ҳақли равишда фахрий профессори унвонига сазовор бўлган.

1960 йил июнь ойида Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов Ленинград университети юридик факультетининг Илмий кенгашида номзодлик диссертациясини, 1970 йил январь ойида “Саноат ва қишлқоқ хўжалиги ўртасидаги товар айланиши соҳасидаги шартнома муносабатлари” мавзусидаги докторлик диссертациясини ёқлади. Диссертация мавзуси бўйича 1969 йилда эълон қилинган 22,5 босма табоқ ҳажмидаги монографияси ўша пайтдаги Иттифоқ юридик жамоатчилигининг юқори баҳосига сазовор бўлди. “Давлат ва ҳуқуқ” академик журналининг 1971 йилги сонида бу китобга ижобий тақриз эълон қилинди. 

Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловнинг илмий асарлари тўғридан-тўғри амалиётга йўл олган. Масалан, унинг Москвада “Юридическая литература” нашриётида эълон қилинган “Қишлоқ хўжалигини моддий-техника билан таъминлаш (қонунчилик ва амалиёт)” мавзусидаги монографияси (1980 йил, 6 босма табоқ), аслини олганда, мазкур муаммога бағишланган дастлабки иш бўлди. 

Олимнинг хулосалари ва таклифлари даврий матуботда ва мутахассисларнинг мақолаларида қўллаб-қувватланди. Натижада СССР Минстрлар Совети қарори билан шартнома бўйича муносабатларни уларнинг иштирокчилари хўжаликнинг қайси тармоғига мансублигидан қатъи назар тартибга солиши лозим бўлган ишлаб чиқариш-техника аҳамиятидаги маҳсулотни етказиб бериш тўғрисидаги Низомнпи тасдиқлади. 

1980 йили  Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловга “Фуқаролик ҳуқуқи, оила ҳуқуқи, фуқаролик процесси, халқаро хусусий ҳуқуқ” иқтисослиги бўйича профессор илмий унвони берилди. 

Олимнинг илмий асарларида олға сурган айрим назарий қоидалар, амалий таклифлар ҳозирги кунгача ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. 

Бозор иқтисодиёти шароитида мулкий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг моҳияти ва ўзига хос хусусиятлари Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов томонидан ташкил этилган ва унинг таҳрири остида эълон қилинган бир гуруҳ муаллифларнинг “Ҳуқуқ ва бозор: ривожланишнинг назарий муаммолари” деб аталувчи асарида илмий жиҳатдан ишлаб чиқилди, шунингдек, бу мавзуга унинг “Мулк ҳуқуқи” (1998 йил), “Хусусий мулк ва унинг дахлсизлиги” (2000 йил), “Олди-сотди шартномаси” (2000 йил) деб аталувчи асарлари бағишланган. 

Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов турли нуфузли лавозимларда меҳнат қилди. Хусусан, 1986-1999 йилларда Ўзбекистон Республикаси ФА “Давлат бошқарув ва ҳуқуқнинг ривожланиш қонуниятлари” илмий муаммолар кенгашининг раиси, 1989-1991 йилларда Ўзбекистон Республикаси ФА И.М.Мўминов номидаги Фалсафа ва ҳуқуқ институтининг директори, 1991 йили Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги тўғрисидаги Шартнома лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоси, 1992-2000 йилларда  Қозоғистон Республикаси Давлат ва ҳуқуқ институти Докторлик ва номзодлик диссертацияларини ёқлаш бўйича ихтисослаштирилган кенгаш аъзоси сифатида фаолият юритди. 2000 йили Ўзбекистон Республикаси ФА академиги этиб сайланди. 

У киши Ўзбекистонда биринчи юридик фанлар номзоди ва доктори бўлиб, фуқаролик, хўжалик, оила ҳамда халқаро хусусий ҳуқуқ соҳаларида юксак илмий салоҳиятга эга йирик олим сифатида танилган. Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов ўз илмий тадқиқотлари, яратган фундаментал асарлари ва тарбиялаган шогирдлари билан нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам катта обрў-эътибор қозонган.

Устоз ўзининг танлаган илмий йўналиши бўйича мустақил илмий мактаб яратган ва уни ривожлантириш йўлида улкан меҳнат қилган. Бу мактаб вакиллари томонидан тадқиқ этилаётган масалалар мамлакатимиздаги муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, бозор иқтисодиётининг ҳуқуқий асослари, унинг эркинлашуви ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон ҳуқуқий майдонидаги мавқеи билан чамбарчас боғлиқдир.

Бу инсон мамлакатимиздаги йирик Фалсафа ва ҳуқуқ институтига асос солган, унга узоқ йиллар давомида раҳбарлик қилган, тарихда ўз номини қолдирган буюк олим ва раҳбар сифатида эътироф этилади.

Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловнинг ҳуқуқ фанини ривожлантиришдаги хизматлари унинг муҳаррирлик фаолияти билан ҳам боғлиқ. У 70 дан зиёд илмий асарнинг муҳаррири, фақат Ўзбекистондагина эмас, балки бошқа давлатларда ҳам тайёрланган кўплаб монографиялар ва диссертация ишларининг рецезентидир. Олим 245 тадан зиёд илмий иш, шу жумладан, 40 дан зиёд монография, китоб, дарсликлар муаллифи. У кенг илмий жамоатчиликка иқтисодиёт, мулкчилик, мулкий ва хўжалик, хўжалик муносабатлари ҳуқуқий муаммоларининг йирик тадқиқотчиси сифатида маълум. 

Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов (якка ўзи ва ҳаммуаллифликда) чет эл нашрларида, шу жумладан, чет тилларда бир қанча илмий мақолалар ва маърузалар ҳам эълон қилган. 

Ўзбекистонда фуқаролик, хўжалик, оила ва халқаро хусусий ҳуқуқ соҳалари бўйича ҳуқуқий тадқиқотлар мактабининг асосчиси Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов республикамиз илмий кучларини йирик илмий муаммоларни ҳал этиш учун жипслаштиришда фаол ҳисса қўшди. 

Ўзбек совет энциклопедиясини нашрга тайёрлашда Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов улкан ижодий ишни бажарди. ЎзСЭ “Давлат ва ҳуқуқ” секциясининг аъзоси бўлгани ҳолда энциклопедияга  киритилиши зарур бўлган юридик атамаларни ва мақолаларни муҳокама қилиш ишларида, тайёрланган мақолаларни ўрганиб чиқиш ва илмий жиҳатдан таҳрир қилишда бевосита иштирок этди. Унинг ўзи 40 тадан ортиқ мақолани ёзди ва ЎзСЭда эълон қилди. 

Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловнинг катта ташкилотчилик қобилияти унинг Ўзбекистон Республикаси ФА “Давлат, бошқарув ва ҳуқуқнинг ривожланиш қонуниятлари” илмий-муаммолар кенгашининг раиси вазифасидаги ишида ёрқин намоён бўлди. 1986 йилдан эътиборан Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов бошчилигидаги кенгаш илмий муассасалар ва ўқув юртларининг илмий йўналишларини аниқлаш, ҳуқуқий муаммолар бўйича илмий тадқиқотлар мавзуларини келишиб олиш ва мувофиқлаштириш юзасидан муҳим вазифани бажарди. 

Устознинг фазилатларини санаб адо этиш қийин. Юриспруденция соҳасида таҳсил олаётган, етук мутахассис бўлишни истовчи ёш ҳуқуқшуносларга Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловнинг илмий меросини ва шарафли ҳаёт йўлини чуқур ўрганишни тавсия этган бўлардим. Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов ҳақиқий устоз, ҳақиқий эталон эди.

Илҳом НАСРИЕВ,

юридик фанлар доктори, профессор.

ЎзА