Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳуқуқшунос-адибанинг янги асарлари
18:19 / 2026-01-15

Муайян соҳани пухта эгаллаб, мавзуни синчковлик билан ўрганиб, яратилган асар ҳар жиҳатдан пишиқ, пухта, мукаммал бўлади.

Ҳуқуқшунос адиба Зулайҳо Машарипованинг асарлари ана шундай мавзуни ҳар томонлама тадқиқ ва таҳлил этиб, ҳаётий хулосаларга таяниб, яратилгани билан диққатга сазовор.  

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли ёзувчи, уюшма аъзоси Зулайҳо Машарипованинг “Адолатли интиҳо” ва  “Терговдаги одам” номли китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.    

Тадбирда адабиётшунос олимлар, ёзувчилар, ёш ижодкорлар, сўз санъати мухлислари иштирок этди.    

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид мамлакатимизда аёл ижодкорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали меҳнат қилиши йўлида кенг имкониятлар яратилганини эътироф этди.      

Дарҳақиқат, асли касби ҳуқуқшунос бўлган истеъдодли ижодкор Зулайҳо Машарипова ҳайратланарли даражада  жуда оз фурсатда давримизнинг етук адибаси мақомигача бўлган катта ижод йўлини босиб ўтди, десак янглишмаймиз.  Ёзувчи 2012-2025 йилларда 60 дан зиёд детектив асарларни китобхонларга тақдим этган.

Адиба ҳозир ҳам ўзини ҳаваскор ижодкор пиллапоясида кўради. Бироқ унинг ижодига синчиклаб разм солинса, ёзувчи бу рутбани аллақачон ортда қолдиргани, астойдил интилиб, излангани, фидойи меҳнати туфайли элимизнинг етук ҳамда истеъдодли қаламкаш ёзувчилари даврасига келиб қўшилганини билиб олиш қийин эмас.

[gallery-27149]

Муаллифнинг юқорида номи келтирилган “Адолатли интиҳо” ва “Терговдаги одам”  номли китоблари ҳам фикримизнинг яққол далилидир. Икки асар ҳам детектив бўлиб, ушбу китоблар “Янги аср авлоди” нашриётида чоп этилган.  

–  Бугун тақдимоти бўлаётган асарлар жиноятларни очишда фаол иштирок этган ҳуқуқшунос-ёзувчининг ижод намуналаридир, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоира Зулфия Мўминова. – Бу асарларда одамларнинг атроф-муҳит ва экологияга ўта шафқатсиз муносабатлари, гиёҳвандлик, экстремизм каби ўткир мавзулар ёрқин ҳаётий воқеалар воситасида очиб берилган. Агар муаллиф жиноятларни очишда фаол иштирок этмаганида, асарларини бундай таъсирчан ва ҳаётий тарзда ёза олмас эди. Бу каби асарларнинг яратилиши учун катта билим, бой касбий тажриба, истеъдод керак.  

Муаллифнинг ана шундай салоҳиятга эга экани унинг асарлари муваффақиятини таъминлаган.              

Маърифий анжуманда эътироф этилганидек, бу асарлар жуда кенг доирадаги воқеалар баёнидан иборат. Уни ўқир экансиз, муаллиф турмушнинг деярли барча  жабҳаларигача кириб бора олгани эътиборни тортади. Ҳаётни англаш эса инсондан доимо катта тажриба, салоҳият, зукколик, сезгирликни талаб этган.              

Тадбирда таниқли ҳуқуқшунослар, журналистлар, адабиётшунослар, устоз ёзувчилар Зулайҳо Машарипованинг “Адолатли интиҳо” ва  “Терговдаги одам” номли китоблари ҳақида батафсил сўз юритди.          

Тақдимотда муаллифга Ўзбекистон  Ёзувчилар уюшмасининг эсдалик совғалари топширилди. Адиба иштирокчиларга янги китобларини туҳфа этди.  

Назокат Усмонова,  

Ойбек Пардаев (суратлар), ЎзА