Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳуқуқлари бузилган фермерларнинг мурожаатлари қандай ўрганилмоқда?
11:05 / 2021-09-20

Фермер, деҳқон ва томорқа хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда уларни етакчи кучга айлантириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос ва зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Сўнгги беш йилда қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун 30 дан ортиқ фармон ва қарор қабул қилинди.

Хусуан, «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, уларнинг тайёрлаш, қайта ишлаш, таъминот ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ўзаро муносабатларида замонавий бозор механизмларини жорий этишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг Telegram ижтимоий тармоғида «Фермер ва деҳқон ҳуқуқий маслаҳатчиси» телеграм канали ва гуруҳи ишга туширилган.

Телеграм гуруҳ орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар (шаҳар) кенгашларининг 100 дан ортиқ малакали ҳуқуқшунослари томонидан фермер, деҳқон ва томорқа ер эгаларига онлайн шаклда тезкор бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

Телеграм канали ва гуруҳига фермерлардан келиб тушган хабарлар ва маълумотларга қонуний муносабат билдирилмоқда.

Мисол учун, Бухоро вилоят фермерлари ғўзага, аҳоли томорқасига сув етиб келмаётганлиги, фермерларнинг ер майдонида экилган ғўза ҳосили сувсизликдан нобуд бўлаётганлиги ҳақида хабарлар келиб тушган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги  «Сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви ва назорат тизимини янада такомиллаштириш ҳамда сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш чораларини кўриш Сув хўжалиги вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Ҳосил етиштириш ойларида фермер хўжаликларига тузилган шартномаларга мувофиқ график асосида сув етказиб берилмаётганлиги пахта ҳосилини етиштирилишига салбий таъсир кўрсатади.

Фермер хўжаликларининг экин майдонларига сув етказиб берилмаётганлиги ҳақидаги муаммоларини ваколат доирасида кўриб чиқиб, амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида 2021 йил 11 июнь куни Сув хўжалиги вазирлигига хат киритилди.

Яна бир мисол, «Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба сув омбори» тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармойишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда туман ҳокимликлари билан биргаликда бир ҳафта муддатда қишлоқ хўжалиги экинларига, жумладан, ғалла, пахта, мева-сабзавот ва бошқа экин турлари бўйича зарар етказилган майдонларни аниқлаб, ҳар бир туман кесимида бажариладиган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда тезкор тарзда амалга оширилишини таъминлаш белгиланган.

Жойларда туман ҳокимликларида ташкил этилган ишчи гуруҳлари томонидан боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг зарар кўрган ер майдонлари, экинлари ва кўчатлари сони аниқланиб, далолатнома расмийлаштирилган.

Бироқ, туман ишчи гуруҳлари томонидан расмийлаштирилган далолатномалар асосида боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига етказилган зарарларнинг миқдорини баҳоловчи ташкилотлар орқали баҳолаш ва зарарларни қоплаб бериш чоралари кўрилмаган.

Оқибатда Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида боғдорчилик йўналишида фаолият олиб бораётган зарар кўрган фермер хўжаликлари томонидан юқори турувчи идораларга ариза билан мурожаат қилган.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши  маълумотига кўра, мурожаатни ўрганиш давомида туман ишчи гуруҳи томонидан тақдим этилган ҳисоботларга кўра, Сардоба (151 га), Оқолтин (862 га) ва Мирзабод туманида (1598 га) жами 2611 гектар ер майдони, шундан 306 гектар боғ, 69 гектар сабзавот, 17 гектар картошка, 427 гектар полиз ва 1792 гектар бошқа турдаги экин майдонларига зарар етказилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, экин майдонлари талафот кўрганлиги оқибатида фермер хўжаликлари 17 млрд. 752 млн. сўм зарар кўрган.

Кенгаш томонидан Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида сув тошишидан зарар кўрган боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига етказилган зарарларни баҳолаш ва қоплаб бериш масаласини кўриб чиқиб амалий ёрдам бериш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сирдарё вилоят ҳокимлигига хат киритилди.  

Фуқаролик кодексининг 354-моддасига кўра, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар ва шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди.

«Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2021 йил ҳосилидан бошлаб давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилди, давлат хариди тўлиқ бекор қилинди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2022 йил кутилаётган минимал нарх 1 тонна ғалла ҳосили учун 2,5 млн. сўм бўлишини эълон қилди.

Айрим фермер хўжаликларининг мурожаатларига кўра, тумандаги масъул ташкилотлар томонидан бошоқли дон маҳсулотлари бўйича (гектар, тонна, нархи) тўлдирилмаган шартномаларни имзолаш ҳақида қонунсиз талаб қўйилаётганлигини билдирган.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан жойларда контрактация, моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатишга оид шартномаларнинг тўлдирилиши юзасидан мониторинг ўтказилмоқда.

   Республика бўйича фермер хўжаликлари фойдасига етказиб берувчи, хизмат кўрсатувчи ва тайёрлов ташкилотларининг мавжуд қарздорликларини ундириш бўйича 2335 та талабномалар орқали 30.762 млрд. сўм, 4002 та даъво аризалари киритилиб, 115.874 млрд. сўм маблағлар суд қарорларига асосан ундириб берилди.

Мисол учун, Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманлараро иқтисодий судига Избоскан тумандаги 164 та фермер хўжаликларини «Соҳиб омад барака» МЧЖ кластер ва «Бест текстиль интернационал» МЧЖ кластерларидан 22 млрд. 429 млн сўм бўлган ҳақдорликларини ундириш юзасидан киритилган даъво аризаларига мувофиқ, 78 та фермер хўжалигининг фойдасига 12 млрд. 849 млн. сўм маблағлар суднинг қарорига асосан ундириб берилди.

Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, фермерлар томонидан етиштириладиган ғалла барча истеъмолчиларга, жумладан, донни қайта ишловчи корхоналар, ғаллачилик кластерлари ва трейдерларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар асосида эркин нархларда сотилиши лозим.

Шундай пайтда, фермерларимизнинг машаққатли меҳнати эвазига топган фойдасига шерик бўладиганлар ҳам бор.

Фермерларнинг шартномадан ортиқча етказиб берилган буғдойини биржадаги эркин нархда тўлаб бериш юзасидан 20 нафар фермер хўжалигининг фойдасига тайёрлов корхоналарига нисбатан Қоракўл ва Когон туманлараро иқтисодий судига даъво аризалари киритилди.

Масалан; «Қурбонов Ғафур Ҳасанович» фермер хўжалиги томонидан «Қоракўлдонмаҳсулотлари» АЖга етказиб берилган 23,8 тонна ғалла маҳсулоти учун маблағларни бозор нархида ҳисоблаб ундириш бўйича киритилган даъво аризалари иқтисодий судга кўриб чиқилмоқда.

Ҳозирда республика бўйича фермерлар томонидан топширилган ортиқча ғаллани бозор нархида ҳисоб-китоб қилиниши аҳволи мониторингдан ўтказилмоқда.

 Зуҳра МИРЗАБОЕВА, ЎзА