Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳуқуқий ёрдам акцияси давом этмоқда
10:52 / 2025-07-23

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббуси билан ташкил этилаётган акция фермер ва деҳқон хўжаликларининг муаммоларини ҳал этиш, уларга ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ёрдам беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида 20 август — Тадбиркорлар куни муносабати билан ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ҳамкор вазирлик ва идоралар билан биргаликда   тадбиркорлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа йўналишларда учраётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида “Тадбиркорлар, фермер ва деҳқон хўжаликларига ҳуқуқий ёрдам” акцияси ташкил этилди.  

Мулоқотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ва томорқачиликни амалий ҳаётда янада кенг ўрин эгаллаши учун янги имконият, имтиёз ва преференциялар яратиб бериш ва унинг ривожини янги босқичга кўтариш, соҳанинг жадал ривожланишига тўсқинлик қилаётган, соҳа фаолияти эркинлигини чеклаётган бир қатор муаммолар ҳақида сўз юритилди.

[gallery-24421]

Акция доирасида тадбиркор ва фермерлар кредит олишда тўсиқлар, ер майдони тақсимотидаги адолатсизликлар, маркетинг ва кадастр масалалари, сув тежовчи технологияларни олишда субсидиялар ажратиш, дала четларидан унумли фойдаланиш, кластерлар билан ишлаш ва сув тақсимотида учраётган муаммолари бўйича мурожаат қилди.

–Акциянинг асосий мақсади тадбиркорлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида учраётган ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа йўналишлардаги муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш, соҳа фаолияти эркинлигини чеклаётган масалаларни тизимли ўрганиб бориш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан қонунчиликка таклифлар тайёрлаш, шунингдек, давлат ва жамият ўртасида самарали мулоқот майдони яратишдир, – дейди ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси департаменти раҳбари Бахтиёр Руҳитдинов.  

Очиқ мулоқотда партия фаоллари ҳамда масалаларга алоқадор масъул ташкилотлар ходимлари иштирокида ҳар бир мурожаат қонуний таҳлил этилиб, партия томонидан муаммо ва сўровномалар учун махсус ташкил этилган онлайн платформага киритилди.  

–Ушбу акцияда фермерлар ва кластер муносабатлари юзасидан ўз таклифларимизни билдирдик. Чунки фермерлар томонидан етиштирилган маҳсулотларнинг пулларини кечиктириб тўлаш ҳолати муаммо келтириб чиқаради. Агар фермерларнинг пуллари ўз вақтида тўланиб турилса, Оролбўйи шароитида ҳам пахтадан 60-70, ғалладан 100 центнергача ҳосил олиш мумкин. Энг асосийси, бунинг учун фермерларнинг имконияти, салоҳияти ва билими ҳам етарли, – дейди акция иштирокчиси, Амударё тумани Фермерлар кенгаши раиси Илҳом Полвонов.

Тадбир давомида соҳани ривожлантиришда деҳқон фермерларга берилган имтиёзлар, қонундаги ўзгаришлар ҳақида иштирокчиларга маълумот берилди. Чунки кўтарилаётган муаммоларнинг аксарияти фермерларнинг ҳуқуқий билимлари етарли эмаслигидан келиб чиқаётганлиги акция давомида намоён бўлди.

Бу каби амалий форматдаги учрашувлар жойлардаги муаммоларни юзма-юз муҳокама қилиш ва уларга ечим топишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/ksoig30C11Y?si=6-6UzZBm7--qIDfp" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Довуд Абибуллаев,  

Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА