Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 январдаги “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, уларга кўрсатилаётган давлат ва ҳуқуқий хизматлар кўламини кенгайтиришда адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Қашқадарё вилоят адлия бошқармасида вилоятдаги ОАВ вакиллари иштирокида ушбу фармон мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Хусусан, мазкур фармонга кўра, ҳудудлардаги адлия бўлимларига 6 та янги вазифа юклатилмоқда: аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш учун ҳар ойда маҳаллаларда “Адлия куни” тадбирларини ўтказиш (бунда олис ҳудудлардаги маҳаллаларда ҳар ойда камида икки маротаба сайёр давлат хизматлари кўрсатиб борилади), уйма-уй юриш ва “Ҳуқуқий кўмак” акцияларини ўтказиш орқали фуқароларнинг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий муаммоларни бартараф этиш бўйича қонунчиликка таклифлар ишлаб чиқиш, “Online-mahalla” платформаси орқали ҳуқуқий масалаларга оид муаммоларни ҳал этиб бориш, аҳолига бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш ва уларга ҳуқуқий тушунтиришлар бериш, ёшлар, аёллар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ҳақида хабардор қилиш, туман (шаҳар) ташкилотлари ҳамда маҳалла идораларига ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича методик ёрдам кўрсатиб бориш.
[gallery-17617]
Фармонга асосан мактабларда “Ҳуқуқ синфи” ва ҳуқуқ фанларини чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиш ташкил қилинмоқда.
– Вазирликнинг Давлат хизматларини ривожлантириш маркази давлат муассасаси негизида Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти ташкил этилмоқда, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нуриев. – Ўрганишлар, таҳлиллар натижасида фармон билан адлия органлари фаолиятида катта ўзгаришлар, шунингдек, аҳолига қўшимча енгиллик ва қулайликларни жорий этиш назарда тутилди. Хусусан, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасида муаммоларни ҳал қилишда “фуқаро – маҳалла – адлия” тизими жорий этилади. Бунда, аҳолининг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий муаммолар “маҳалла еттилик”лари орқали “Онлайн маҳалла” платформасидан фойдаланиб адлия органларига етказилади. Адлия органлари томонидан эса мазкур муаммолар ечимлари бўйича ҳуқуқий тадбирлар, қонунчиликка таклифлар ишлаб чиқилади. Шу орқали “маҳалла еттилиги”га фуқароларнинг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий масалаларга оид муаммоларини ҳал этиб боришга кўмаклашиб борилади.
Қайд этиш лозимки, фармон билан марказлар орқали яна 13 та янги хизматлар жорий этилмоқда ва давлат хизматларининг ҳар бир маҳалла ҳамда фуқаронинг ҳаётига янада яқинроқ кириб боришини таъминлаш мақсадида тадбиркорларга ҳам агент сифатида 15 турдаги давлат хизматларини кўрсатишга рухсат берилди.
Яна бир қулайлик давлат хизматларини кўрсатишда Face-ID тизими жорий қилинишидир. Face-ID тизими - бу бирор давлат хизматидан фойдаланмоқчи бўлган фуқарони унинг юзидан таниб, у ҳақидаги маълумотларни автоматик равишда аниқлайдиган тизим ҳисобланади.
Ҳозир фуқаролар хизмат олиш учун Давлат хизматлари марказига келганда унинг шахсини аниқлаш учун паспорт ёки ID-карта талаб қилинади. Эндиликда Face-ID тизими жорий этилса, ушбу ҳужжатларга ҳам зарурат бўлмайди, тизимнинг ўзи фуқаронинг кимлигини аниқлаб беради.
Ушбу ўзгаришлар, албатта, фуқароларнинг вақтини ва маблағини тежашга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари