Фарғонада илк бор давлат фуқаролик хизматчилари учун ўтказилган сайёр қабулда иштирок этганлар бугун ўзларини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимояда эканликларини ҳис этишди. Асосийси, расмиятчиликдан холи бўлган мулоқот мурожаатчиларнинг фақатгина эшитиш билангина эмас, балки масалаларини амалий ечим топганлиги билан ҳам маъқул бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати фаолияти самарадорлигини ошириш борасида жиддий қадам ташланди ҳамда унинг ҳуқуқий асослари яратилди. Давлат хизматчиларини ишга қабул қилиш тизими бутунлай янгиланди, уларни мунтазам ўқитиш ҳамда билимини баҳолаб бориш йўлга қўйилди. Бугунги кунда давлат фуқаролик хизматига киришда инсон омилини камайтириш ҳамда барча фуқароларнинг тенг имкониятлар яратиш мақсадида Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали-vacancy.argos.uz платформаси самарали фаолият кўрсатмоқда.
Фарғона вилоятида давлат бошқаруви органларининг 41 та ҳудудий даражада бошқарма ва бўлинмалари ягона очиқ порталига интеграция қилинган. Бугунги кунга қадар 1 минг 427 та танловлар ўтказилди. Вакант лавозимларнинг танловларида иштирок этиш мақсадида 21 минг 216 нафар номзодлар электрон ариза юборган. Улардан 672 нафари танлов ғолиби бўлди. Айни кунларда 43 та вакант лавозимга танлов эълон қилинган. Мазкур саъй-ҳаракатлар самарасида давлат фуқаролик хизматига бўлган ишонч ортмоқда. Билимли, салоҳиятли кадрлар давлат хизматчиси сифатида фаолият олиб боряпти.
Вилоятимизда жорий йилнинг 4-5 октябрь кунлари давлат фуқаролик хизматчилари учун сайёр қабул ўтказилиб, 50 дан ортиқ мурожаатлар тингланди. Албатта, бу ҳам ўзига хос мулоқот муҳитини яратгани билан аҳамиятли бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” ги қонуни қабул қилинди ва ушбу қонуннинг 8-моддаси билан махсус ваколатли давлат органи томонидан кадрлар сиёсати соҳасида давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириши белгиланган. Шунингдек, қонунда ваколатли орган томонидан давлат фуқаролик хизматчиларини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш вазифаси ҳам юклатилган. Ўтказилган сайёр қабулнинг асосий мақсади ҳам бугун барча давлат идораларида халқни рози қилишдек улуғ мақсадлар учун кеча-ю кундуз хизмат қилаётган давлат хизматчиларига яратиб берилаётган шароитлар, амалдаги меҳнат қонунчилигига амал қилиниши, очиқ танловлар билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқиш белгиланган.
Жойларда илк бор ўтаётган давлат фуқаролик хизматчилари учун сайёр қабуллар уларнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда, шак-шубҳасиз, кутилган натижаларни бермоқда. Сайёр қабул давомида 13 та мурожаатда кўтарилган масала жойида ижобий ҳал этилди, 21 та мурожаатда кўтарилган масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди ва 13 та мурожаатда кўтарилган масалаларни қўшимча ўрганиш учун тегишли ташкилотларга кўрсатмалар берилди.
Қўштепа тумани “Хўжақишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси лавозимида ишловчи М.Мамасиддиқовнинг яшаш манзили билан иш жойи орасидаги масофа узоқ бўлганлиги сабабли, яшаш манзилидаги, яъни Халқобод МФЙ ёшлар етакчиси вакант лавозимига ўтказиш тўғрисидаги мурожаати ижобий ҳал этилди. Бундан ташқари, Данғара тумани қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси лавозимида ишловчи И.Эргашевнинг суяк емирилиши касаллигини бепул даволанишига (жарроҳлик йўли билан) амалий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги мурожаати ижобий ечим топди. Хусусан, ходимга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан даволаниш учун имтиёзли йўлланма берилди.
Шунингдек, сайёр қабул доирасида Фарғона давлат университетида вилоятдаги олий таълим муассасаларининг битирувчилари билан “Давлат хизматига очиқ йўл“ мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди. Битирувчилар эртага олий даргоҳни тамомласак қаерга қандай тартибда ишга кира оламиз, деган саволларга жавоблар олди. Ачинарлиси, айрим ёшларимизда ишга киришда коррупцион ҳолатлар орқали ёки таниш билиш орқали давлат хизматига ишга кириш фикри ҳам йўқ эмас экан. Шу куни Давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимларини ягона очиқ портали орқали ишга киришдаги шаффофлик ҳақида тушунчалар берилди. Очиқ мулоқот сўнгида битирувчи талаба-ёшлар учун давлат хизматига кириш учун ўз билим кўникмаларини синовдан ўтказишлари учун тест синов ҳам ўтказилди.
Ёшларни билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона вилояти ташаббуси билан ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “Очиқ эшик кунлари” ташкил этилмоқда. Шу кунлари номзодлар синов тести топшириб, ўз билимларини синаб кўришлари мумкин. Шунингдек, олинган натижага кўра, қайси соҳадан янада тайёргарлик кўришлари кераклигини билиб олади.
Албатта, бугунги кунда давлат фуқаролик хизматчилари зиммасига масъулиятли вазифалар қўйилган. Бунда эса тажриба, билим ва кўникма муҳим аҳамиятга эга. Вилоятимизда бу каби ишлар, лойиҳалар тизимли давом этади.
Аҳаджон Акбаров,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона вилояти филиали раҳбар ўринбосари
ЎзА