Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳуқуқий сиёсатни такомиллаштириш – асосий мақсад
14:23 / 2021-08-24

Шу кунларда халқимиз улкан байрам – давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрамини нишонлаш арафасида турибди.

 Мамлакатимизнинг катта–кичик меҳнат жамоаларида мустақиллик байрами арафасида ўтган даврга назар ташлаш, эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш, навбатдаги режаларни аниқлаб олиш одати мавжуд.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг ихчам жамоаси ҳам бу йилги байрамни кўтаринки кайфият ва бир қатор яхши натижалар билан қарши олмоқдалар.

Маълумки, Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 13 апрелдаги ПФ-5415-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 11 июндаги 442-сонли қарорига мувофиқ, институт ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга ошириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, адлия органлари фаолиятини такомиллаштириш соҳасида республиканинг етакчи давлат илмий-тадқиқот эксперт муассасаси этиб белгиланган.

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти фаолиятининг мақсади – Ўзбекистон ҳуқуқий сиёсатининг долзарб масалалари бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, норма ижодкорлиги фаолиятини илмий-услубий таъминлашнинг самарадорлигини ошириш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг яхлит тизимини жорий этишда иштирок этишдан иборат.

Институтда қонунчилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш соҳасида илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатлари қўлланилиш амалиётини таҳлил қилиш, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, давлат бошқаруви самарадорлигини оширишнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни ривожлантириш, адлия органлари фаолиятини ўрганиш ва такомиллаштиришга қаратилган таҳлилий ишлар амалга оширилади.

Ўтган йиллар давомида Институт ташкилий жиҳатдан оёққа турди ва мамлакатимизнинг тегишли салоҳиятга эга илмий-тадқиқот муассасалари қаторидан ўзининг муносиб ўрнини эгаллади. Ҳозирги вақтда жами 28 та штат бирлиги мавжуд жамоада 1 нафар юридик фанлари доктори, профессор, 1 нафар иқтисод фанлари доктори, 1 нафар юридик фанлари номзоди меҳнат қилишмоқда. Ходимларнинг 3 нафари Япония ва АҚШда докторлик илмий даражасини, яна 3 нафари Германия ва Японияда магистрлик даражасини олишган. Хорижий тилларни билиш даражаси 74% ни ташкил этади. Ходимларнинг ўртача ёши 36 ёшни ташкил этади.

Шуниси қувончлики, йилдан-йилга институтнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, ўтказилаётган илмий-тадқиқотлар, айниқса долзарб амалий тадқиқотлар кўлами ортиб бормоқда. Сўнгги уч йил давомида Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтига юқори турувчи идоралардан келиб тушаётган топшириқ ва ҳужжатлар сони ҳам ортиб бормоқда. Агар 2019 йили жами 730 та ҳужжат ва топшириқлар келиб тушган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 873 тани, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида 569 тани ташкил этган.

Бевосита Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа юқори турувчи идоралардан келиб тушаётган топшириқларнинг кўпайиб бораётганини мамлакат миқёсидаги бундай муҳим ташкилотларда Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти салоҳиятига ишонч ортиб бораётганидан гувоҳлик беради деб ўйлаймиз.

Институт ходимларининг муҳим вазифаларидан бири белгиланган вазифалар доирасида норма ижодкорлиги ва қонунни қўллаш жараёнларини янада такомиллаштиришда фаол иштирок этиш ҳисобланади. Тадқиқот институти томонидан 2019 йилда 7 та қонун, 4 та Президент ҳужжатлари, 9 та Ҳукумат ҳужжатлари, 1 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлса, 2020 йилда 8 та қонун, 3 та Ҳукумат ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилган. Кейинги йилларда Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ҳамда институт ходимлари фаол иштирок этган турли ишчи гуруҳлари томонидан ишлаб чиқилган муҳим қонун ҳужжатлари қаторида «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида», «Ўзаро суғурта тўғрисида» қонун лойиҳалари, «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» қонун лойиҳалари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексларининг янги таҳрирлари лойиҳаларини, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори лойиҳасини санаб ўтиш мумкин.

Давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларини тартибга солувчи норматив­ҳуқуқий ҳужжатларда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш юзасидан олиб борилган тадқиқот натижасида Давлат хизматлари ягона реестрига киритилган 20 идоранинг 50 та давлат хизматлари турлари уларни тартибга солувчи 34 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлил қилиниб 27 та норматив­ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш 7 та норматив­ҳуқуқий ҳужжат бўйича ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида тегишли қонун ҳужжатлари лойиҳалари тайёрланди.

Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш, фуқароларга долзарб ҳуқуқий ахборотларни етказиш соҳасида 2019-2020 йиллар ҳамда жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида 400 га яқин ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилган, илмий-ҳуқуқий журналларда, босма ва интернет нашрларда тегишли мақолалар мунтазам эълон қилиниб келинмоқда.

Институтнинг хорижий давлатларнинг тегишли тадқиқот муассасалари ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги ҳам ривожланиб бормоқда.  

Бугунги кунда Полша Фанлар Академиясининг Ҳуқуқий тадқиқотлар институти, Россиянинг Халқаро қиёсий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази, Беларус Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий тадқиқотлар миллий марказлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида меморандумлар имзоланган. Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Ўрнатилган ҳамкорлик доирасида ходимлар малакасини ошириш, биргаликда долзарб тадқиқотлар ва тегишли тадбирларни амалга ошириш юзасидан фаол ҳаракатлар давом этмоқда.

2019 йил апрель ойида бўлиб ўтган «Tashkent Law Spring» I Халқарo юридик форумини ташкил этишда Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти етакчи ташкилот этиб белгиланган эди. Ушбу Форум дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган 1100 дан ортиқ иштирокчиларни, шу жумладан, 250 нафар чет эллик мутахассисларни бирлаштирди.  

Форумда Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг юқори лавозимли расмийлари, ҳуқуқ, халқаро муносабатлар ва иқтисодиёт соҳасидаги етакчи халқаро экспертлар, дунёдаги йирик ҳуқуқшунослик фирмаларнинг ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирок этишди. Форум доирасида 17 та муҳокама сессиялари 2 та давра суҳбати 2 та маҳорат дарслари ташкил қилинди 12 та ҳамкорлик ҳақида битим ва меморандумлар имзоланди. Ҳар бир тадбир доирасида Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотларни чуқурлаштиришга оид тавсиялар ишлаб чиқилди.

Мамлакатимизда давлат хизматини такомиллаштириш, давлат органлари очиқлигини таъминлаш, ходимларни ишга қабул қилиш, уларни ўстириш жараёнларида илғор хорижий давлатлар тажрибасини кенг қўллаш, кадрлар билан ишлашнинг замонавий усул ва шаклларини жорий этиш бўйича ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтига иқтидорли ва малакали ходимларни жалб этишда ҳам давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида таъкидлаб келинаётган меритократия, адолат ва ошrоралик тамойилларига тўлиқ амал қилиб келинмоқда.

Институтга ишга қабул қилиш тартиби адлия вазирининг 2018 йил 7 июндаги 185-сон буйруғи билан тасдиқланган «Адлия органлари ва муассасаларида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда улар билан ишлаш тартиби тўғрисида»ги низом талаблари асосида амалга оширилиши белгиланган. Бўш иш ўринлари ҳақидаги эълонлар, бўш иш ўринларига номзодларга қўйиладиган талаблар билан хоҳлаган талабгор Институтнинг Интернетдаги расмий сайтида танишиш имконияти яратилган.

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш мумкинки, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ўз зиммасига юкланган вазифаларни бундан кейин ҳам қўйилган юксак талаблар даражасида бажаришга бор имкониятларини ишга солади, давлатимиз раҳбарияти, юқори турувчи идоралар ва Адлия вазирлиги томонидан билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қилади.

Анвар Эминов,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими