Бухорода “Адолат” социал-демократик партияси вилоят Кенгаши ташаббуси билан “Ҳуқуқий онг – коррупцияга қарши кучли қалқон” мавзусида тарғибот тадбири ташкил этилди.
– Тадбирнинг асосий мақсади ёшлар онгида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларни ҳалоллик, адолат ва қонунийлик тамойилларига содиқлик руҳида тарбиялашдан иборатдир, – дейди “Адолат” социал-демократик партияси Бухоро вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов.
– Бундай ташаббусларнинг ёшлар тарбиясида тутган ўрни катта. Уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш орқали жамиятда соғлом муҳит шаклланишига замин яратилади. Коррупция нафақат қонунбузарлик, балки жамият тараққиётига жиддий тўсиқ бўлувчи омил. Бу иллатга қарши курашишда ҳар бир ёшнинг фаол позицияси муҳим, – дейди “Миллий Ҳимоя” адвокатлик бюроси адвокати Рустам Суннатов.
Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда савол-жавоблар, муҳокамалар орқали талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, амалий тавсиялар билан бойиди. Тадбир якунида коррупцияга қарши курашиш ойлиги доирасида фаол иштирок этган ёшларга Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси китоби ҳамда ташаккурномалар тантанали тарзда топширилди.
[gallery-22789]
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.