Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳуқуқий мониторинг орқали аниқланди
11:32 / 2025-06-10

Сирдарё вилоятининг Ховос туманида фаолият юритган 114 нафар мавсумий ишчи ўз меҳнат ҳуқуқларини тиклади. Мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида ишлаган бу ходимларга умумий ҳисобда 43,9 миллион сўмлик меҳнат таътили компенсацияси тўлаб берилди.

Бу ҳолат туман юридик хизмат кўрсатиш маркази томонидан ўтказилган ҳуқуқий мониторинг натижасида аниқланди. Ўрганишлар давомида мавсумий ишчиларга меҳнат таътили учун ҳақ тўланмагани маълум бўлди. Мазкур амалиёт Ўзбекистон Республикасининг  Меҳнат кодексини  493-моддаси талабларига зид эканлиги қайд этилди.

–  Қонунга кўра, мавсумий ишчилар ҳар ишланган ой учун камида икки кун миқдорида пуллик таътилга эга бўлиши керак. Бутун мавсум давомида ишлаганлар эса шартнома якунланганда компенсация олиши лозим,  –  дейди туман адлия бўлими бошлиғи Элёр Омонбоев.

Аниқланган қонунбузарликлар юзасидан Ховос туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига расмий тақдимнома киритилди. Адлия органларининг таъсир чоралари туфайли, мавжуд муаммо бартараф этилди ва компенсациялар тўлаб берилди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу ҳолат давлат ташкилотларида қонун устуворлигини таъминлашда юридик хизмат кўрсатиш марказлари муҳим роль ўйнаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳуқуқий назорат механизмларининг самарадорлигини ҳам тасдиқлайди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири