Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан амалга оширилган Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури якунланди. Шу муносабат билан пойтахтимизда мамлакат қонунлари устуворлигини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим босқич сифатида эътироф этилган мазкур лойиҳа якунига бағишлаб анжуман ўтказилди.
Олий Мажлис Сенати, турли маҳаллий ва хорижий ташкилотлар вакиллари иштироктида эришилган ютуқлар, соҳа ривожига қўшилган ҳисса ҳақида фикр юритилган тадбирда қайд этилганидек, 2018 йил томонлар ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми асосида ўтган давр мобайнида адолат, шаффофлик, ваколатни кенгайтириш, ҳисобдорлик ва фуқаролар фаоллигини таъминлаш орқали қонун устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб салмоқли ишлар қилинди. Хусусан, дастур доирасида гендер тенглиги, қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқий таълим ва фуқаролик жамияти учун қулай муҳит шакллантириш йўналишлари қамраб олинди.
[gallery-19591]
– Натижа кутилганидан ҳам юқори, – дейди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори ўринбосари Эдвард Михалски. – Ушбу йирик лойиҳа орқали ҳукумат билан биргаликда амалга оширилган жараёнда қатнашган барча миллий ҳамкорларга миннатдорлик билдирамиз. Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури қатор муҳим ютуқларга эришди. Жумладан, Ўзбекистоннинг биринчи гендер тенглиги тўғрисидаги қонуни ишлаб чиқилишини қўллаб-қувватлади, 30 га яқин қонун, сиёсат ва низом лойиҳаси қайта кўриб чиқилишида иштирок этди. Ташаббус доирасида йўлга қўйилган 50 га яқин ўқув курси бутун мамлакат бўйлаб юридик таълим даргоҳлари бакалавриат ва магистратура йўналишлари доимий ўқув дастурига киритилган.
Юридик муассасалар, жумладан Омбудсман ва Бизнес-омбудсман идорасига фуқароларга кўрсатиладиган хизмат турини кўпайтириш имконини берувчи ускуналар тақдим этилди. Бепул ҳуқуқий ёрдам олган аҳолининг заиф қатламига мансуб 900 мингдан ортиқ шахснинг ҳуқуқи тикланишига эришилди. Шу кунгача 7 миллиондан зиёд одам USAID кўмагида яратилган advice.uz ҳуқуқий маслаҳат порталидан фойдаланган. Гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 15 мингга яқин мутахассис тайёрланди.
Мазкур лойиҳа миллий ҳамкорлар билан бирга республикада ҳуқуқий таълимни халқаро илғор амалиётга мослаштириш, барча фуқаролар учун одил судловдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга кўмаклашади. Шу билан бирга хотин-қизларга қарши зўравонликни бартараф этишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлайди.
– Яна бир муҳим йўналиш – юридик таълимни янгилаш бўйича 11 минг нафардан ортиқ талаба-ёш янги имкониятдан унумли фойдаланиб, замонавий меҳнат бозори талабига мос кўникма олди, – дейди Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури директори Раҳима Назарова. – Мазкур ташаббус инновацион таълим усулларини жорий этиш, таълим сифатини янада яхшилаш ва умуман, ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш орқали барқарор ривожланишга ёрдам беради. Масъуллар томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларнинг қонун ижодкорлиги, лойиҳаларни бошқариш, молиявий барқарорликни таъминлашдаги фаоллигини ошириш, фуқаролик жамияти ва давлат идоралари ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатиш бўйича салмоқли ишлар қилинди. Бу жараён ННТга ҳуқуқий-меъёрий муҳитга яхшироқ мослашиш, барқарорликка эришиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этишда давлатнинг тўлақонли ҳамкорига айланиш имконини беради.
Гўзал Сатторова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА