Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларининг 36 фоизи фуқаро ва тадбиркорлар манфаатларига зид бўлган
15:58 / 2021-02-15

Бу Адлия вазирлигида очиқ мулоқот шаклида жамоатчиликка берилган ҳисоботда қайд этилди.

Интерфаол шаклда ўтказилган мулоқотда адлия вазири Русланбек Давлетов норма ижодкорлиги ва ҳуқуқий экспертиза соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.  

2020 йилда келиб тушган лойиҳаларнинг 36 фоизида фуқароларнинг ҳуқуқларини чеклаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятининг мураккаблашувига сабаб бўлувчи қоидалар аниқланганлиги сабабли уларнинг қабул қилиниши ҳуқуқий экспертиза босқичида тўхтатилди.  

Идоравий ҳужжатларни қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш 2020 йил 1 июлдан бошлаб project.gov.uz электрон платформаси орқали амалга оширилмоқда.  

Ўтган йилда Ўзбекистон тарихида биринчи марта электрон шаклдаги қонунчилик ҳужжати қабул қилинди. Тизим орқали бугунги кунга қадар юзга яқин идоравий ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди.

Идоравий ҳужжатлар нормаларини юқори юридик кучга эга бўлган қонун ҳужжатларига ўтказиш ва “тартибга солиш гильотинаси” усулини қўллаш орқали 2020 йил давомида 400 га яқин идоравий ҳужжатлар ўз кучини йўқотган, деб топилди.

Ҳудудий адлия органлари томонидан 2020 йил давомида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 1 минг 147 қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган. Шундан 178 лойиҳа белгиланган талабларга риоя қилинмай тақдим қилингани сабабли қайтарилган. 1 минг 106 тақдимномага асосан 255 нафар шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилиб, 1 минг 35 қарор бекор қилинган.

Адлия органлари мурожаатларни ўрганиш натижасида 63 минг 535 қонун бузилиши ҳолатини аниқлади. 3 минг 893 тақдимнома давлат органлари ва идораларига киритилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди. 185 миллиард сўмлик даво аризалари судларга киритилди. 873 давлат органи ва ташкилотининг ҳужжатлари бекор қилинди ёки ижроси тўхтатилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган жойларда улар учун яратилган шароитлар бўйича ўрганиш ўтказилди. Ўрганиш бўйича қонун нормаларида белгиланган шароитларни яратмаган масъул ташкилотлар устидан 681 тақдимнома киритилди, 362 пандус ўрнатилди ва талаб даражасига келтирилди.

Адлия тадбиркорга дўст лойиҳаси доирасида тадбиркорлик фаолияти учун ҳар томонлама кўмак беришга мўлжалланган янги “Biznesga maslahat” интерфаол ахборот портали ишга туширилди.  

“BUSINESS INDICATOR” электрон платформаси ишлаб чиқилиб, ушбу тизим орқали тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериб борилмоқда.

Муаттар Бурҳонова, ЎзА