Aдлия вазирлигида Россия, Қозоғистон ҳамда Беларусь давлатлари мутахассислари иштирокида вебинар ўтказилди
Унда ҳуқуқий ахборот тарқатиш, мазкур соҳада тажриба алмашиш масалалари муҳокама этилди.
Тадбирнинг биринчи ярмида Беларусь ҳуқуқий ахборот миллий маркази, Қозоғистон “Ҳуқуқий ахборот ва қонунчилик институти”, шунингдек, Россия адлия вазирлиги вакиллари ҳуқуқий ахборот тарқатиш тизимини ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари ҳақида маълумот берди.
Вебинар давомида Ўзбекистонда норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш консепцияси қабул қилингани маълум қилинди. “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига (www.Lex.uz) рамий манба мақоми берилди.
Жорий йилда ҳукумат қарори билан “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказига кўрсатилаётган ҳуқуқий хизматлар турларини кенгайтириш бўйича қўшимча вазифалар юклатилди. Бундан буён марказ ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, турли ҳуқуқий ҳужжатларнинг шакллари (намуналари), шунингдек, юридик адабиётларни тайёрлаш ва нашр этиш соҳасида консалтинг хизмати кўрсатади.
Тадбир давомида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини норма ижодкорлиги жараёнига жорий этишнинг долзарблиги таъкидланди.
Бу борада Ўзбекистонда ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими – Project.gov.uz амалиётга татбиқ этилган. Қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш портали (regulation.gov.uz) модернизация қилинди.
Беларусьда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг назорат нусхаларини юритиш тўлиқ электрон форматга ўтган. Россия ва Қозоғистонда сунъий интеллект имкониятлари норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқий маслаҳат ва адлия органлари фаолиятининг бошқа соҳаларини таъминлашда кенг қўлланмоқда.
Иштирокчилари ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича аниқ таклифлар билдирди. Тадбир якунида фикрлар умумлаштирилиб, Адлия вазирлиги ва “Адолат” марказининг 2021 йилдаги режасига киритилиши белгиланди.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА