Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳалари кўриб чиқилди
18:21 / 2022-02-01

Бугун, 1 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ҳаётига дахлдор бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди.

Мажлисда дастлаб “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.   
 
Бугунги кунда қўриқлаш фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгиловчи амалдаги қонунчилик ҳужжатлари тизимлаштирилмаган, қўриқлаш фаолиятининг асосий принциплари қонун ҳужжатларида белгиланмаган. Объектни, мулкни ва шахсни қўриқлаётган ходимлар томонидан давлат мажбурлов чораларини кўриш, кадрларни танлаш, тайёрлаш ва ходимларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалалари қонун даражасидаги ҳужжат билан тартибга солинмаган. Бу ўз навбатида, қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди.  


 
Шу мақсадда ишлаб чиқилган  мазкур қонун лойиҳасида қўриқлаш фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш, қўриқлаш фаолияти турлари, уни амалга оширувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланмоқда.   
 
Қайд этилдики, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан қўриқлаш фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишнинг қонуний асослари яратилади, қўриқлаш фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари ва субъектларининг ҳуқуқий мақоми белгиланади, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий дахлсизлигини таъминлаш бўйича ҳуқуқий механизм шакллантирилади.   
 
Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди.   
 
“Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Унга кўра, жисмоний ва юридик шахсларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб кўйилиши, ушбу ер участкаси ва унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаларига компенсация бериш тартиб-таомиллари белгиланмоқда.   
 
Аҳоли ва ташаббускорларнинг эътиборини ер участкалари давлат эҳтиёжи учун эмас, балки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилаётганига қаратиш мақсадида қонунчиликда ер участкасини фақат жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига олиб қўйиш мумкинлиги белгиланмоқда.

Ер участкаларининг компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига асос бўладиган ҳолатларнинг рўйхати қонун билан белгилаб қўйиляпти. Ер участкасини олиб қўйиш ташаббуси билан чиқиш ҳамда компенсация тўлаш, ҳуқуқ эгасининг объектни бўшатиб беришидан то объектни бузишгача бўлган жараёнларнинг аниқ муддати ва тартиби белгиланмоқда.  
 
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини компенсация эвазига ер участкаларини олиб қўйиш масалалари тўғридан-тўғри амал қиладиган яхлит қонун билан тартибга солишга, низоли вазиятларни олдини олиш ва ушбу соҳадаги низоларни самарали ҳал этишга хизмат килади.   
 
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди.  
 
Ялпи мажлисда депутатлар “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.   
 
Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига аниқланган ноқонуний қурилмаларни фақат мажбурий кўрсатма бериш ёки судлар орқали бартараф этиш ҳуқуқи берилган. Бироқ, ўзбошимчалик билан барпо этилган ноқонуний қурилмаларни мажбурий тартибда бартараф этишга оид судларга аризалар тақдим этишда олдиндан давлат божи тўловидан озод этилмаганлиги ушбу мазмундаги материалларни судларга тақдим этишда бирмунча қийинчиликлар юзага келмоқда.   
 
Қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар билан коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида, шу жумладан кўп квартирали уйларни сақлаш ва ундан фойдаланишда қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга кўмаклашишда инспекиция иштирокини янада кенгайтириш йўли билан кўп квартирали уйлардаги муҳандислик-техник коммуникациялари ва уйнинг конструктив қисмлари таянч қобилиятини, зилзилабардошлилигини сақлаб қолиш ҳамда кўчмас мулк эгаларининг хавфсиз яшашига шароит яратиб берилишига эришилади.   
 
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бошқарув органларининг молиявий барқарорлиги таъминланишига, кўп квартирали уйларни бошқариш тизимида рақобат муҳити яратилишига ҳамда уй-жой фондларини сақлаш борасида кўчмас мулк эгалари томонидан билдирилаётган кўплаб эътирозларнинг олдини олишга хизмат қилади.   


 
Мажлисда қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш мақсадида депутатлар томонидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилиб, концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда қабул қилинди.   
 
Шунингдек, мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2022 йил I ярим йиллигидаги фаолиятининг асосий йўналишлари тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.   
 
Парламент тарихида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида қўмиталар ахбороти эшитилди. Хусусан, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қарор қабул қилинди.   
 

Муҳтарама Комилова, ЎзА