Шундан 88 минг 570 таси ижобий ҳал этилди, қолган ҳолатлар ўрганиб чиқилмоқда.
Адлия вазирлиги томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат хизматларини кўрсатишдаги янгиликлар ҳамда «Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди» ҳуқуқий акцияси бўйича матбуот анжумани ўтказилди.
Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар сони доимий ошиб бораётгани қайд этили. 2023 йил давомида 77 турдаги янги хизматларни кўрсатиш жорий этилиб, ҳозирда жами 337 тага етказилди. 2024 йил давомида эса уларнинг сонини 400 тага етказиш режалаштирилган.
Маълумот учун: 55 турдаги хизматлар бепул кўрсатилади, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга 50 фоиз чегирма қўлланилади.
Марказлар орқали 13,2 миллиондан ортиқ давлат хизмати кўрсатилди. Шундан 9,3 миллиондан ортиғи марказлар орқали, 3,8 миллиондан ортиғи онлайн шаклда кўрсатилди.
2018-2023 йиллар давомида эса жами 59 миллионта давлат хизмати кўрсатилган. Ўртача хизмат кўрсатиш вақти 1 дақиқадан 10 дақиқагача, ўртача кутиш вақти 20 дақиқани ташкил этмоқда.
Энг кўп кўрсатилган 29 хизмат «3 қадам» тамойили асосида соддалаштирилиб, сўраладиган маълумотлар 225 тадан 99 тага, ариза юбориш учун сарфланадиган вақт 76 дақиқадан 22 дақиқага қисқартирилди. 2024 йилда барча хизматларни «3 қадам» тамойили асосида соддалаштириш режалаштирилган.
48 та давлат хизматини кўрсатиш жараёнлари соддалаштирилди (BPR). Жорий йилда яна юзта давлат хизматини кўрсатиш жараёнлари соддалаштирилади.
Икки турдаги проактив ва 11 турдаги композит хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилди. 1,4 миллиондан ортиқ фуқаро «Мобил-ID» тизимида рўйхатдан ўтди ва 2023 йилда ушбу тизим орқали 100 мингга яқин хизматдан фойдаланилди.
Республика бўйича 11 замонавий ДХМ биноси қурилиб, жами 189 тага етказилди. (78 таси давлат-хусусий шериклик асосида). Жорий йилда янги биноларни қуриш ишларини тўлиқ якунлаш режалаштирилган.
Реал вақтда 3 мингта камера орқали 208 ДХМ ва ФҲДЁ бўлимларини кузатиш имконини берувчи «Ситуaцион марказ» фаолияти йўлга қўйилди. 14 та марказ замонавий инфокиосклар билан таъминланиб, «рақамли хизмат нуқталари» ташкил этилди.
«Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди» ҳуқуқий акцияси доирасида 9 минг 209 маҳаллада хатлов ўтказилиб, 98 минг 192 нафар шахсда тегишли ҳужжат мавжуд эмаслиги аниқланди. Шундан 88 минг 570 таси ижобий ҳал этилди, қолган ҳолатлар ўрганиб чиқилмоқда.
Акция доирасида юз мингга яқин ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Н.Абдураимова, ЎзА