English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳуқуқий акцияда 10 минг 324 нафар шахс тегишли ҳужжатларга эга эмаслиги аниқланди
14:33 / 2024-02-05

Адлия вазирлиги ташаббуси билан “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акцияси ўтказилмоқда. Акция доирасида қандай ишлар амалга оширилди?

Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева шу саволга жавоб берди: 

– Ҳуқуқий акция доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятларда, туман (шаҳар)ларда махсус штаблар ташкил қилинди. Штаб аъзолари томонидан ўзларига тегишли бўлган ҳудуддаги барча маҳаллаларда тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган шахслар хатловдан ўтказилиб, рўйхат шакллантирилмоқда. 

Тегишли ҳужжати йўқ шахслар штаб аъзолари томонидан маҳаллаларда уйма-уй юриб аниқланмоқда. Жойларда сайёр қабуллар ташкил этилиб, тегишли ҳужжатга эга бўлмаган шахсларнинг мурожаатлари қабул қилинмоқда. 

Ҳуқуқий акциянинг дастлабки 15 куни давомида 1 минг 932 маҳаллада хатлов ўтказилиб, 10 минг 324 нафар шахс тегишли ҳужжатларга эга эмаслиги аниқланди. 

Натижада 7 минг 701 нафар шахсга тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб берилди. Шундан 392 нафарининг туғилиши қайд этилиб, гувоҳнома берилди. 41 нафарининг туғилганлик фактини белгилаш юзасидан судларга аризалар киритилди. 1 минг 391 нафарига туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳнома берилди. 558 нафар қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келаётган фуқароларнинг никоҳи қонуний равишда қайд этилди. 

328 нафар муқаддам суд қарори асосида никоҳдан ажрашган, бироқ бугунги кунга қадар ФҲДЁ органларида рўйхатдан ўтмаган шахсларнинг никоҳдан ажралгани расмийлаштирилди. 454 нафар шахсга яқин қариндошининг ўлими қайд этилган гувоҳнома берилди. 89 нафар шахснинг яқин қариндошининг ўлим фактини белгилаш юзасидан судларга аризалар киритилди. 

409 нафарига ўлим ҳақида такрорий гувоҳнома берилди. 438 нафарига ID-карта берилди. 2 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. 439 та тадбиркорлик субъекти қайта давлат рўйхатидан ўтказилди. 1 минг 83 нафар шахсга тегишли кўчмас мулк объектларини рўйхатдан ўтказишда юзага келган муаммолар бартараф этилиб, давлат рўйхатидан ўтказилиши таъминланди. 

Шу жумладан, 12 минг 734 нафар шахсга электрон рақамли имзо бериш, “Mobile-ID” дан рўйхатдан ўтказиш, кадастр паспортини шакллантириш ва бошқа турдаги давлат хизматлари сайёр шаклда кўрсатилди. 

Акция 2024 йил 20 март кунига қадар давом этади. 

Н.Абдураимова, ЎзА