French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳуқуқи бузилган истеъмолчиларга 535,5 миллион сўмга яқин маблағ қайтарилди
15:19 / 2021-02-01

Андижонда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йил режаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Соҳа мутахассислари, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий билимлари ҳамда истеъмол маданиятини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Шунингдек, бошқарма томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилган ишлар хусусида маълумот берилди.

– Фуқаролардан жами 848 та мурожаат келиб тушган, – дейди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Андижон вилояти ҳудудий тузилмаси раҳбари Бахтиёржон Баҳодиров. – Мурожаатларнинг 458 таси қаноатлантирилди, 379 таси бўйича тушунтириш берилди, 11 та мурожаат ваколатли идораларга кўриб чиқиш учун хат асосида тақдим этилди.  

Мурожаатларнинг аксариятини газ, электр энергияси ҳамда ичимлик суви таъминоти, савдо ва умумий овқатланиш, дори воситалари савдоси билан боғлиқ масалалар ташкил этган. Олиб борилган ишлар натижасида истеъмолчилар фойдасига 535 миллион 485 минг 634 сўм маблағ қайтарилди.  

[gallery-978]

Масалан, аҳолига мўлжалланган суюлтирилган газ нархи асоссиз равишда ошиб кетишининг олдини олиш ҳамда уни истеъмолчиларга мақбул ва белгиланган нархларда етказиб берилишини таъминлаш юзасидан жойлардаги масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлар натижасида газ таъминоти корхонаси томонидан суюлтирилган газ тўлдирилган газ баллони учун 22 минг 400 сўм, газ ускунасига ўрнатиб бериш хизмати учун 3 минг сўм жами 26 минг сўмдан ҳақ олинаётган бўлса-да, газ баллонларини газ ускунасига аҳолининг ўзи ўрнатаётганлиги, бу бўйича туман газ корхонаси чилангарлари ҳеч қандай хизмат кўрсатилмаётганлиги маълум бўлди.  

Ана шундан келиб чиқиб, 53 минг 759 нафар истеъмолчидан суюлтирилган газ баллонини ўрнатиб бериш учун олинган ортиқча 3 минг сўм пул ҳисобидан жами 149 миллион 585 минг сўм маблағ истеъмолчиларга қайтарилди.  

Шунингдек, анжуманда реклама фаолиятини тартибга солиш, ташқи рекламалар жойлаштиришда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этиш, аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш, ҳуқуқий билим ва тушунчаларини бойитиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.  

Жумладан, туман, шаҳар ҳокимликлари, давлат идоралари ҳамда ННТлар билан ҳамкорликда меҳнат жамоалари, маҳаллалар, таълим муассасаларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг бу борадаги билим ва тушунчаларини юксалтириш бўйича семинар, давра суҳбатлари, шунингдек, “Ҳуқуқингизни биласизми?”, “Сифат танлови – соғлом овқатланиш гарови!”, “Истеъмол маданияти – муҳим масала” сингари қатор тадбирлар ўтказилиб, иштирокчиларга мавзуга оид афиша, буклет ва бошқа тарғибот материаллари тарқатилган.  

Бозорлар, савдо шахобчаларида “Истеъмолчилар бурчаги”, назорат тарозилари, коммунал хизматлар кўрсатиш, ташкилотларда ташкил этилган сайёр қабуллар, таълим муассасаларида ёшларнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид билим ва тушунчаларини ўрганиш бўйича ўтказилган сўровномалар мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилди.  

Анжуманда бошқарма томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жорий йилда амалга оширилиши белгиланган ишлар хусусида ҳам маълумотлар берилди. Оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган саволларга мутасадди ва мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурати), ЎзА