Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси муаммолари муҳокама қилинди
14:25 / 2022-06-29

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси жамоат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилишига қарамасдан, йилдан йилга маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар сони ошмоқда. Жорий йилнинг беш ойида Қашқадарё вилоятида 15801 нафар шахсга нисбатан 12284 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган.  

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасида “маҳаллабай” ишлаш тизимини жонлантириш, сайёр суд ҳамда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, бу борада судлар, ички ишлар органлари ҳамкорлигини кучайтиришни тақозо этмоқда. Мазкур тадбирларда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда судларнинг асосий қисми жойларда, сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилмоқда. Бундай тадбирлардан кейин эса аҳоли билан бевосита мулоқот қилиб, уларга қонунчиликдаги ўзгаришлар, жиноят оқибатлари кенг тушунтириб борилмоқда.  

Жойларда ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир тадбирларни амалга оширишда мавжуд муаммоларни бартараф қилиш мақсадида, Қашқадарё вилояти суди ва Қашқадарё вилоят ИИБ билан ҳамкорликда бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Қарши шаҳар ИИО ФМБда ташкил қилинган давра суҳбатида вилоят суди, вилоят ИИБ, шаҳар прокуратураси ва шаҳар ИИО ФМБ раҳбарияти ҳамда масъул ходимлари ва профилактика инспекторлари иштирок этди.  

Тадбирда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, қадр-қимматини юксалтириш ҳар қайси жамиятда долзарб аҳамиятга эга экани қайд этилди.  

– Давлатимиз раҳбарининг “Инсон қадри учун” ғояси ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” ёндашуви барча соҳаларда биринчи ўринда туриши ҳақидаги талаби ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида, шу жумладан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишда устувор тамойил бўлиши керак,  – дейди Қашқадарё вилояти суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Ў.Мамадалиев. 

– Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида” ги 2021 йил 4 октябрдаги қонунига асосан МЖтКга ярашув институти киритилди. 

Инсонпарварлик ғояларидан келиб чиққан ҳолда Жиноят кодексидаги ярашув институти билан боғлиқ нормалар эндиликда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам татбиқ этилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг ўн иккита моддаси ярашув институти доирасига киритилди. Шу боис ярашув институтини кенг қўллаш, бу орқали фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига барҳам берилиши ва ҳар бир фуқаронинг давлатимиз раҳбарининг “Инсон қадри учун” ғояси шу соҳада ҳам ҳукм сураётганлигига ишончи мустаҳкамланишига эришиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим.  

Шунингдек давра суҳбатида судлар томонидан кўрилаётган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг 57 фоизини Ички ишлар органларидан келиб тушган ишлар ташкил қилиши ва ушбу ишларнинг 33 фоизи ҳаракатдан тугатилганлиги алоҳида таъкидланиб, бу борада амалдаги қонунчиликка қатъий амал қилиш ҳамда уни тўғри қўллаш борасида тегишли тушунтиришлар берилди. Бундан ташқари, тадбирда профилактика инспекторларининг фаолиятида, шу жумладан, суд органлари билан юзага келаётган муаммолари атрофлича муҳокама қилиниб, уларни бартараф қилиш борасида тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.  

Ўлмас Баротов,  
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.