Навоий вилояти Зарафшон шаҳар Экология бўлими давлат инспекторлари томонидан мунтазам равишда тунги назорат рейд тадбирлари ўтказилиб, қатор қонунбузарлик ҳолатлари аниқланмоқда.
Ўтказилган рейд тадбирлари давомида ҳуқуқбузар К.Н. ҳеч қандай рухсатсиз саксовул буталарини ўзига тегишли бўлган “ГАЗ” русумли юк машинаси ёрдамида Зарафшон шаҳар Мурунтоғ қўрғони ҳудудига олиб кириб келаётган вақтида тўхтатилди.

Ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 9 миллион 375 минг сўм жарима ҳамда 10,5 миллион сўм табиатга етказилган зарар белгиланди.
Шунингдек, давлат инспекторлари ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тунги рейд давомида ҳуқуқбузар К.А. ўзига тегишли бўлган “Нива” русумли автомашинаси билан Конимех тумани “Карагата” ОФЙ ҳудудидан ноқонуний равишда 6 дона ёввойи қуённи овлаб келаётган вақтида Зарафшон шаҳар 1-кичик туман ҳудудида тўхтатилди.

Ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқбузарнинг автомашинаси жарима майдончасига жойлаштирилиб, унга тегишли бўлган ов қуроли ИИБ ходимларига топширилди.

Мазкур ҳолат бўйича ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 90-моддасининг 4-қисмига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 2 миллион 250 минг сўм табиатга етказилган зарар белгиланди.
Тўпланган ҳужжатлар эса қонуний чора кўриш учун суд органларига юборилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири