Ҳуқуқбузарларга маъмурий қамоқ жазоси белгиланди
Бухоро вилояти Шофиркон тумани бўлими инспекторлари томонидан ов қилиш талабларининг бузилишини олдини олиш мақсадида туманнинг Сеталон чўл ҳудудида ўтказилган рейд тадбирлари давомида икки нафар фуқаронинг ов қилиш тақиқланган даврда ноқонуний равишда ов билан шуғулланаётганлиги аниқланди.
Инспекторлар ҳуқуқбузарларни тўхтатишга уринган, бироқ улар қонуний талабга бўйсунмай, воқеа жойидан яширинган. Шунингдек, айни шу ҳуқуқбузарлар тунги соат 01:30 ларда инспекторлардан бирининг яшаш хонадонига бориб, ҳақоратли сўзлар айтиб жанжал кўтарган.
Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар асосида қонунбузарлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жавобгарликка тортилди. Суд қарорига асосан ҳар иккала фуқаро 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси билан жазоланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.