Гулистон шаҳрида Сирдарё вилоят ички ишлар бошқармаси Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати масъул ходимларининг ушбу тизимда хизмат қилиш истагида бўлган сирдарёлик ёшлар билан учрашуви ташкил этилди.
Республикамизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар аввало, халқимиз фаровонлигини юксалтириш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш аҳоли, айниқса, ёшларнинг иқтидори ва қобилиятларини рўёбга чиқариш, бандлигини таъминлашга хизмат қилаётир.

Ушбу ислоҳотлар самарасида Сирдарё вилоятида ҳам соҳага юқори касбий маҳоратга эга, зиммасига юклатилган вазифаларга сидқидилдан ёндошадиган, маънавий баркамол ва етук кадрларни жалб қилиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 26 мартдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2 апрелдаги “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида олий маълумотли, ички ишлар органларида хизмат қилиш истагида бўлган халқ таълими тизимида психолог лавозимида ишлаб келаётган ва турли спорт турлари бўйича жаҳон, Осиё ҳамда Ўзбекистон чемпиони ва совриндори бўлган спортчилар билан вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати масъул ходимлари иштирокида учрашув ўтказилди.

Учрашув давомида ёшларга ички ишлар органларида хизмат ўташ тартиби, белгиланган талаблар ва яратилаётган шароитлар, “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш-олий бурчимиз” концептуал ғоя асосида хизмат қилишлари тўғрисида тушунчалар берилди.
Йиғилиш якунида халқ таълими тизимида ишлаётган психологларни вилоят ички ишлар органларидаги офицерлик (инспектор-психолог) лавозимларига ва спортнинг турли йўналишлари бўйича бир қатор чемпионатларда совринли ўринларни эгаллаган ёшларни соҳанинг саф бўлинмаларида мавжуд бўш бўлган сафдорлик лавозимларига қабул қилиш бўйича ҳужжатларини расмийлаштириш белгиланди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов, ЎзА