Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларининг ҳисоботи тингланди
16:00 / 2024-01-19

Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибида қатор масалалар кўриб чиқилди.

Сессияда вилоят прокурори, ички ишлар, адлия, солиқ бошқармалари бошлиқларининг ҳисоботлари тингланди, шунингдек, 2022–2026 йилларга мўлжалланган  Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2023 йилдаги ижроси атрофлича муҳокама қилинди.  

Андижон вилояти прокурори М. Хўжаевнинг «2023 йилда вилоятдаги қонунийлик ҳамда жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳолати тўғрисида»ги ҳисоботида вилоятда прокуратура органлари томонидан қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.    

Асосий эътибор аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлиғини сақлаш, иқтисодиёт тармоқлари барқарорлигини таъминлашга доир қонунлар ижроси устидан таъсирчан назорат ўрнатиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган. Хусусан, назорат фаолияти йўналишларида ўтказилган тадбирлар натижасида 9,5 мингга яқин прокурор назорати ҳужжати қўлланиб, 10 минг нафардан ортиқ фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.  

[gallery-15541]

Андижон вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари И.Исмановнинг «2023 йил давомида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ҳисоботида якунланган йилда  вилоятда 7 минг 487 та жиноят рўйхатга олиниб, шундан 54 фоизи жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар эканлиги қайд этилди.  

Андижон вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи ўз ҳисоботида 2023 йил давомида 1 минг 76 маротаба сайёр қабул ва учрашувлар ўтказилганлигини айтиб ўтди. Ана шу сайёр қабул ва учрашувларда фуқаролар томонидан 9 минг 675 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 8 минг 795 таси ёки 91 фоизи ҳал этилган, 669 тасига тушунтиришлар берилган, қолган мурожаатларнинг ижроси назоратга олинган.  

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи О.Бозоровнинг ҳисоботида адлия бошқармаси, туман, шаҳар адлия бўлимларига 2023 йил давомида жами 6 минг 171 та мурожаат келиб тушганлиги қайд этилди. Ушбу мурожаатларнинг 2 минг 913 таси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, 1 минг 778 таси давлат хизматлари кўрсатишга, 669 таси ҳуқуқни қўллаш амалиётига, 811 тасини бошқа соҳаларга оид мурожаатлар ташкил этган. Мурожаатларнинг 5 минг 886 таси ёки 95,3 фоизи ҳал этилган ва қаноатлантирилган.  

Сессияда кўрилган барча масалалар атрофлича таҳлил этилиб, муҳим вазифалар белгилаб олинди.    

Сессияда "2024 йил Андижон вилоятининг маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида"ги, шунингдек, кўрилган бошқа барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.  

Ф. Убайдуллаев,  

З. Умрзоқов (сурат),  

ЎзА мухбирлари