Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ҳуқуқ мактаби” мобил иловаси яратилди
17:53 / 2024-10-11

Адлия вазирлиги томонидан аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш бўйича янги усуллар жорий этилмоқда. “Ҳуқуқ мактаби” мобил иловаси шулардан биридир.

Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳида Йўлдошева мазкур илова имкониятлари ҳақида маълумот берди:   

– Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш қонунийликни таъминлашда, адолатли ва ҳуқуқий жамият қуришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ўзбекистон Адлия вазирлиги бу жараёнда муҳим роль ўйнаб, аҳолининг барча  қатлами учун ҳуқуқий билимларни оммалаштирувчи лойиҳалар ва таълим дастурларини амалга ошириш ташаббуси билан чиқмоқда.   

Хусусан, фуқароларга ўз ҳуқуқларини яхшироқ тушуниш ва ҳимоя қилишда кўмаклашиш мақсадида вазирлик томонидан “Ҳуқуқ мактаби” мобил иловаси ишлаб чиқилди.  

IOS ва Android платформаларида мавжуд бўлган ушбу илова фойдаланувчиларга меҳнат муносабатлари, оила ҳуқуқи, ижтимоий ҳимоя ва фуқаролик жараёнлари каби соҳаларни қамраб олган ҳуқуқий маълумотлардан фойдаланиш имконини беради.   

Бу вазирликнинг аҳоли орасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида ҳуқуқий билимларни тарғиб қилишга бўлган интилишини намоён этади.   

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармонида ёшларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтиришга қаратилган онлайн ҳуқуқий саводхонлик мактабини ташкил этиш ва у орқали бепул ҳуқуқий ўқув курсларини жорий этиш белгиланган.    

“Ҳуқуқ мактаби” – бу аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ҳуқуқни мустақил ўрганиш имкониятини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган инновацион лойиҳадир. Илова фойдаланувчиларга материалларни ўзлари учун қулай тезликда ўрганиш имконини беради. Иловада видео маърузалар, тақдимотлар ва тестлар жойлаштирилган бўлиб, улар нафақат ҳуқуқий билимларни назарий жиҳатдан ўзлаштиришга, балки уларни амалда қўллашга ҳам ёрдам беради.   

Шунингдек, фойдаланувчиларни рағбатлантирувчи тизим ҳам назарда тутилган: курсларни муваффақиятли тамомлаганларга виртуал “тангалар“ (“coin”lar) берилади. Бу тангаларни Тошкент давлат юридик университетининг сертификатлари ва қимматбаҳо совғаларини олиш учун ишлатиш мумкин.   

Статистик маълумотларга кўра, ҳозирги кунда “Ҳуқуқ мактаби” мобил иловасидан 2 минг нафарга яқин фойдаланувчи рўйхатдан ўтган ва улардан бири сертификат олишга эришган. Лойиҳа доирасида мобил иловадан ташқари, асосий ҳуқуқий мавзуларга оид 57 видео ва 15 та қисқа видеолавҳа жойлаштирилган “Ҳуқуқ мактаби” YouTube канали ҳам фаолият юритмоқда.   

Канал аллақачон 53 мингдан зиёд томошабиннинг эътиборини тортди ва кўришлар сони 130 мингга яқинлашиб қолди. Айниқса, “Ёшга доир пенсия”, “Никоҳни бекор қилиш тартиби” ва “Аёлларнинг ижтимоий ҳимояси” каби мавзуларга бағишланган видеороликлар оммалашиб бормоқда.   

“Ҳуқуқ мактаби” барча ёш ва ижтимоий гуруҳлар учун мўлжалланган бўлиб, фуқароларга ҳуқуқий масалаларда яхшироқ йўналиш олиш, ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва зарур ҳолларда юридик ёрдам сўрашда кўмаклашишни мақсад қилган.   

Адлия вазирлиги бу каби ташаббуслар устида ишлашни давом эттириш ва ҳуқуқий билим олиш имкониятларини кенгайтириш ниятида. Зеро, “Ҳуқуқ мактаби”нинг ишга туширилиши нафақат янги технологияларни жорий этиш, балки жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қўшилган салмоқли ҳисса бўлди.   

Н.Абдураимова, ЎзА