Бугунги кунда юртимизда инсон қадри улуғланиб, амалга оширилаётган ислоҳотлар улар учун хизмат қилмоқда.
Навоий вилоят “Зиёкор” аёллар ва ёшлар маркази Навоий шаҳридаги умумтаълим мактаблари, лицей, техникумлар ҳамда олий таълим муассасаларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, кун қаҳрамонлари образларини яратиш, ўқувлар-ёшлар ўртасида Янги таҳрирдаги Конституция мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида тарғибот тадбирларини амалга ошириб келмоқда.


– “Инсон қадрини улуғлаш – фаровон юрт пойдевори” лойиҳаси доирасида Навоий шаҳридаги 4 та умумтаълим мактаби 9-11 синф хоналарида махсус “Ҳуқуқ бурчак”ларини ташкил этди, – дейди марказ раҳбари Гулҳаё Равшанова. – Бундан ташқари 26 нафар кўнгилли ёшдан иборат “Ҳуқуқ тарғиботчилари” гуруҳи тузилди. Шаҳардаги 12 та умумтаълим мактаби ўртасида “Сиз қонунни биласизми?” кўрик-танловлари ўтказилмоқда.


Яқинда ушбу марказ томонидан яна бир эзгу ишга қўл урилди. Вилоят “Мададкор” ёшлар маркази, “Қизлар овози” ҳамда “Қизларжон” клублари ҳамкорлигида Навоий шаҳридаги 22-умумтаълим мактабининг “Ҳуқуқ бурчаги”га китоблар жамланмаси тақдим этилиб, тарғибот тадбири ўтказилди.


– Ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарғибот тадбирларини кўпроқ ўтказиш уларда ҳуқуқий маданиятни янада оширишга сабаб бўлади, – дейди мактаб директори Феруза Файзиева. – Мактабга тақдим этилган бугунги китоблар жамланмалари ўқувчи-ёшларимизнинг келажаги учун жуда муҳим бўлиб, эзгуликка хизмат қилади, деб ишонаман.
Навоий вилоят “Зиёкор” аёллар ва ёшлар марказининг эзгу ишларга йўғрилган лойиҳаси давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири