Покистон шимолидаги Гилгит-Балтистон вилоятида, Тангри тоғлари – Қорақурум ва Ҳиндикуш туташувида ястанган Хунза, Нагар ва Ясин водийларида туркий халқ – Хунзалар истиқомат қилади. Нуфуси – тахминан 87 000 атрофида.
Шарқий Туркистонга яқин жойлашган Хунза водийсининг сўлим манзараси, сеҳрли кўллари кишини лол қилади. Лой ва тошдан тикланган уйлар, қишлоқ ва сўқоқлар ўзига хос миллий руҳ сирини асрлар давомида яшириб келаётгандек.
Манбаларга кўра, хунзалар хун давридан мерос қадимий тилда гаплашади. Бурушо деб аталадиган бу лаҳжа ҳеч бир тил гуруҳига хос эмас. Маҳаллий аҳоли Тожикистон, Афғонистон ва Қирғизистондан келиб, Помир этагига жойлашган турклар билан “Саламуналайкум” дея сўрашади. Тана тузилиши, маданияти, кийиниши, урф-одати туркийларга яқин. Ўзларини Буюк Искандар саркардаси авлоди, деб билса-да, уларнинг келиб чиқиши энг қадимий сулоламиз бўлмиш хунларга бориб тақалади.
Тадқиқотлар хунза ирсида юнон гени йўқлигини исботлаган. Олинган Y-DNA натижаси Кавказ ва Марказий Осиё турклари генетикаси билан бир хил. Ушбу халқ асосан ўзи етиштирадиган сабзавот, мева ва гўшт маҳсулотлари билан кун кўради. Тоғлик ва хонаки эчкилар, қорамол асосий моддият булоғи. Қўл меҳнати билан етиштириладиган табиий егуликлардан ташқари, вилоятнинг энг машҳур озуқа маҳсулоти ўрик ва ўрик мойи. Хунза турклари учун ўрик дарахти ҳаётнинг ажралмас бўлаги.
Тоғ ва чўққилар бағрида, одатий дунёдан, ҳар турли хавф-хатар ва хабарлардан узоқда умргузаронлик қиладиган қардошларимиз 120-145 ёшгача умр кўрадилар. Улар дунёдаги энг узоқ яшовчи туркий халқ сифатида тарихга кирган.
Хунза турклари ҳақида ёзилган кўп мақолаларни ўқидим, мавжуд видео лавҳаларни кўрдим. Тўғриси, уларнинг узоқ турмуш кечириши сири бошқалар каби мени ҳам қизиқтириб қўйди.
Маълум бўлишича, хунзалар жуда кўп миқдорда мева ер экан, асосан тоза сув ва мева шарбати ичишаркан. Ҳафтада бир кун рўза тутаркан. Улар қарилик нелигини билишмайди, деҳқончилик ва чорвачилик билан мунтазам шуғулланади.
Бўш вақтида музлаган кўлда хоккей ўйнайдилар. Ўйин-кулги, мусиқани севишади. Марказий Осиёнинг машҳур сурнайи, зурнаси, рубоби ва дўмбираси бу эл одамлари учун энг севимли чолғу асбоблари ҳисобланади.
Асосан эркаклар томонидан ижро этиладиган рақслари “Мавлоно Румий рақслари”ни эслатади. Танаси ранги оқ-сариқ, қош-кўзлари тим қора қардошларимиз сувратида худдибиродарларимизни кўргандай бўласиз.
Аёлларининг кийиниш услуби, айниқса рўмол ўраши, юмалоқ дўппи устидан оқ рўмол ташлаб юриши, миллий либослари ва тақинчоқлари момоларимизни эслатади.
Ажабланарлиси, хунзалар ҳозирга қадар саратон каби хавфли хасталикларга учрамаган. Аҳоли ўта даражада ўқимишли, билимли. Дарвоқе, баъзи қариялари билан қийналиб бўлса-да, ўзбекча гаплашишнинг иложи бор.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, улар Помир тоғлари бағридан, Ўрта Осиёдан кўчиб борган қирғиз ва қашқар турклари билан ёнма-ён яшагани учун ҳам англашув осон кечади. Ёшлари эса инглиз тилини мукаммал билади. Йигитларининг аксари Покистон армиясида хизмат ўтайди.
Хуллас, хунзалар каби узоқ умр кўрайин, десангиз, хомлай, қуритилган мева кўпроқ истеъмол қилинг. Айниқса, ўрик кундалик озуқангиз бўлсин. Тоза сув ичинг, гўшт енг. Ёқимсиз хабарлар, салбий руҳдаги воқеалардан узоқ бўлинг.
Нодира Кайимова,
ЎзА