English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳунармандларимизнинг халқаро эътирофи
18:42 / 2020-11-17

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 2020 йилнинг 4-6 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Жаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё-Тинч океани минтақаси (WCC-АРR) 38-Бош Ассамблеясида онлайн иштирок этишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси "Ҳунарманд" уюшмаси раҳбар ва ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ассамблея йиғилишида Жаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё-Тинч океани минтақасига 2021-2024 йилларда Президентлик қилиш вазифаси Ўзбекистонга юклатилиши ратификация қилинади.

Анжуманда 34та мамлакатдан 80 дан ортиқ делегатлар, жумладан, Бутунжаҳон Ҳунармандлар Кенгаши Президенти Рози Гринлиз, ташкилотнинг Осиё ва Тинч Океани Минтақаси Президенти Гада Қаддуми, Европа, Африка, Лотин ва Шимолий Америка қитъаларининг ташкилот президентлари, Бошқарув Кенгаши аъзолари ҳамда аъзо мамлакатлар миллий ташкилотлари иштирок этади.

Тадбир дастури 3 кунга мўлжалланган бўлиб, Ассамблея йиғилишида кўриладиган асосий масала Бутунжаҳон Ҳунармандлар Кенгаши – Осиё ва Тинч Океани Минтақасининг 2021-2024 йиллар Президентлигини Ўзбекистонга топширишни ратификация қилиш, Бошқарув Кенгаши йиғилишини ўтказиш, Халқаро Симпозиум ҳамда ҳунармандлар иштирокида кўргазма ташкил этишдан иборат.

Ушбу халқаро ташкилотнинг Осиё ва Тинч Океани Минтақаси бўйича офисини Ўзбекистонга кўчириш ва нуфузли тадбирларини юртимизда ўтказиш мамлакатимизда ҳунармандчиликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларни ижроси ҳақида ҳам ахборот берилди. Жумладан, фармон қабул қилингунга қадар “Ҳунарманд” уюшмасидан рўйхатдан ўтган ҳунармандлар сони 9 минг 823 нафарни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 37 минг 599 нафарга, яъни 4 баробарга кўпайгани таъкидланди.

Ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, 2018 йилда 40 минг 338 иш ўрни ташкил этилган бўлса, 2019 йилда ушбу кўрсаткич 48 175 тага ортди. Банд бўлмаган аҳоли, айниқса, ёшлар “устоз-шогирд” анъаналари асосида ҳунармандларга шогирд қилиб берилмоқда. Жорий йилда 74 минг 329 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Юртимизда ҳунармандчиликка берилаётган эътибор ва уни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар соҳага оид халқаро ташкилот ва экспетлар томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Айниқса, 2019 йил 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг ўтказилгани халқимизнинг қадимий тарихи ва маданий ҳаётини ҳар томонлама кенг ёритиш, кўп қиррали ўзбек миллий ҳунармандчилигини кенг намойиш қилиш, унинг ноёб намуналарини тарғиб этиш, ушбу йўналишда турли халқлар ўртасида тажриба алмашиш, дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, ҳунармандчилик анъаналари ва мактабларини сақлаш ҳамда қайта тиклашга замин бўлганлиги алоҳида таъкидланади.

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА