Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамкорлигида “Соҳир қалам мўъжизаси” IV Республика хаттотлик ва миниатюра асарлари кўргазмаси бўлиб ўтди.
Кўргазмада республикамизнинг барча ҳудудларидан 30 нафардан ортиқ хаттотлик ва миниатюра йўналишида фаолият олиб бораётган ҳунарманднинг 150 дан ортиқ ижодий ишлари намойиш этилди.
Ҳозирги кунда Республика “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари 26 минг нафарни, шогирдлар сони 90 минг 785 нафарни ташкил этса, ҳунармандчиликнинг миниатюра ва хаттотлик йўналишида 274 нафар уста ҳунарманд фаолият олиб бормоқда. Ҳунармандчилик йўналишларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳамда келгуси авлодларга етказиш мақсадида қўшимча 9 та фаолият рўйхатга қўшилди. Ана шу йўналишлардан бири хаттотлик йўналишидир.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 12 июндаги “Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, ҳунармандчилик фаолиятининг йўналишлари амалдаги 34 тадан 43 тага кўпайтирилди.
Хаттотлик арабча – “ҳуснихат ёзувчи” деган маънони билдириб, ёзув (хат) санъати, китоб кўчириш ҳамда меъморий иншоотлар, бадиий буюмларнинг китобларини яратиш касбини англатади. Ёзувнинг пайдо бўлиши натижасида юзага келган.
Айниқса, араб ёзувининг кенг тарқалиши туфайли хаттотликнинг ривожланиши жадаллашди. Шарқда, жумладан, Ўрта Осиёда китоб босиш вужудга келгунига қадар қўлёзма китоб тайёрлаш, уларнинг нусхаларини кўпайтириш (матн кўчириш) билан хаттотлар шуғулланган. Хаттотлар саройларда, айрим амалдорлар ҳузурида гуруҳ бўлиб ишлаган.
Хаттотлик санъатига бағишланган кўплаб рисолалар 10 хил асосий хат услублари (насх, куфий, муҳаққақ, настаълиқ, сулс, тавқе, таълиқ, девоний, риқо, риқъий) мавжудлиги ҳақида дарак беради.
Ўрта Осиёда араб ёзувлари тарқалгунига қадар турли ёзув усуллари бўлган қадимий ёзувлардан бўлган куфий ёзуви кўпгина меъморий ва бошқа ёдгорлик обидаларининг безагида сақланиб қолган.
Мустақиллик йилларига келиб китобат санъати бир гуруҳ хаттотларимиз томонидан қайта тикланди. Бунда Ҳабибулла Солиҳ, Садимжон Бадалбоев, Абдулла Мирсоатов, Тўхтамурод Зуфаров, Алишер Шомуҳаммедов ва бошқаларнинг хизматлари катта.
Хаттотлик ҳозирги кунда Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент ислом университети, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ўргатилади. Ушбу кўргазманинг ташкил этилишидан мақсад юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳларга миллий ҳунармандчилигимиз ҳақида маълумот бериш, тарғиб қилиш, ёшларни ҳунарга ўргатишдан иборат.
Гулноза Бобоева, ЎзА