Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳунармандлар Марғилонга “Атлас байрами”га йиғилмоқда (+видео)
17:33 / 2024-09-17

Хўш, нега айнан Марғилонда “Атлас байрами” халқаро тўқимачилик фестивали ўтказилмоқда?

Маркази бугунги ҳунармандлар шаҳри бўлган қадим Фарғона давлатига сафар қилган Хитой императори У Дининг элчиси Чжан Цянь эрамиздан аввалги 138- йилдаги ҳисоботида бу ўлкада пахта тўқимачилиги соҳаси ривож топгани ҳақида ёзади. Уни бу шаҳар усталари тўқиган матолардаги чизгилар ҳайратга  солган. Гўё булутларни нозик, эшими мустаҳкам ипларга боғлаб қўйгандек эди, деб таъкидлаган элчи.

Мана, орадан 2200 йил ўтяптики, ўша  анъана, абрбандлик, яъни тўқимачилик ҳунармандлиги авлоддан авлодга ўтиб келяпти.

–Апрел ойида Марғилон шаҳрида, май ойида Термизда, июн ойида Шаҳрисабз шаҳарлари ҳудудларидаги хотин-қизларни тўплаб тренинглар ўтказдик, – дейди республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов. – Бунда 120 дан ортиқ аёл қатнашган. Шулардан 11 нафарини танлаб олиб, уларнинг биринчи коллекцияларини яратиш бўйича Тошкент вилоятида менталли курсда ўқитдик.

“Атлас байрами” – анъанавий ўзбек тўқимачилик соҳасидаги номоддий маданий меросни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш, шунингдек, пилла, пахта етиштиришдан тортиб, тўқимачилик саноатигача бўлган даврда анъанавий ҳунармандчиликнинг сифати ва дизайнини яхшилаш, янгича ипак матолар, гиламлар, каштачилик, кийим-кечак, мода дизайни ва бошқаларни яратишдир. 

Фестиваль ёш авлод ўртасида ўзбек тўқимачилик анъаналарига  қизиқишни ривожлантиради, дунёнинг турли бурчакларидан сайёҳларни жалб этади ва ўзбек тўқимачилик саноатининг халқаро майдонда эътирофини оширишга хизмат қилади.

–Фестивалдан мақсадимиз ёш дизайнерларни аниқлаш, уларга ёрдам бериш ва биринчи коллекциясини фестивалда кўрсатиш. 30 дан ортиқ хорижий давлатдан 60 га яқин ва юртимиздан 100 га яқин соҳа вакиллари, ҳунармандлар қатнашяпти. Ташриф буюраётган ҳунармандларнинг энг сара асарлари танлови ўтказилади ва номинациялар бўйича ғолиблар тақдирланади, – дейди Расулжон Мирзааҳмедов. 

Шу мақсадда Марғилонга йиғилган тўқимачилик мутахассислари учун ўқув-семинарлар, тренинглар ташкил этилмоқда. Уларда соҳанинг тажрибали усталари, олимлар анъанавий санъат йўналишларидаги ўзгариш ва ўзига хосликни таҳлил қилиб ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйдилар.

–Биз туя жунидан матолар тўқиймиз. Тўрт кундан буён маточиликдаги янгиликлар билан танишдик. Энди тўқимачиликда тадбиркорлик масалаларини ўргатишяпти, – дейди туркманистонлик ҳунарманд Маржон Горлиева. – Бу ерда олган билим ва кўникмаларимни Туркманистонга бориб ҳамкасбларим билан ўртоқлашаман. Мезбон – Ўзбекистонга катта раҳмат.

– Бу ерда кўплаб ҳунармандлар билан танишдим. Тўқимачилик Қирғизистонда ҳам  ривож топган. Аммо мазкур фестивал доирасида соҳадаги сўнгги йилларда пайдо бўлган йўналишлар ҳақида маълумот беришди, – дейди қирғизистонлик ҳунарманд Асил Индиева. – Очиғи, биз ҳунармандлар ўз маҳсулотимизни қай тарзда бозорга олиб киришни, унинг рекламасини етарли даражада билмас эдик. Ташкилотчилар бизга бу соҳада ҳам ёрдам берди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Атлас байрами” VI халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташаббуси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлигининг қўллаб- қувватлаши билан Марғилон шаҳар ҳокимлиги, “Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси, Марғилон шаҳридаги “Ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази” ва бошқа кўплаб халқаро ва миллий ҳамкорлар бирлигида ўтказилмоқда.

Бу йил биринчи марта фестивалда ҳунармандчиликда экологик тоза материаллар ва технологиялардан фойдаланишни ўз ичига олган янги барқарорлик ташаббуси ҳам тақдим этилади. Бу маданий меросни сақлаш ва маҳаллий ҳамжамиятларни қўллаб-қувватлашда экологик масъулият муҳимлигини кўрсатади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/PSSn26TYS-A" title="Hunarmandlar Margʻilonga “Atlas bayrami”ga yigʻilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА мухбирлари