Фарғона вилояти Фурқат туманидаги Қўқонбой маҳалласида ҳунармандчиликка ихтисослаштирилган мактаб-интернат фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида вилоят ва туман фаоллари, ҳунармандлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида ўқувчилар томонидан тайёрланган ижодий ишлар намуналари, тасвирий санъат кўргазмалари кўздан кечирилди. Иқтидорли ёшларнинг чиқишлари томоша қилиниб, ёш спортчилар билан суҳбатлашилди. Нуронийлар иштирокида юртга тинчлик, ёшларга камол тилаб дуолар қилинди.
Ёғоч ўймакорлиги, мебелсозлик, зардўзлик ва наққошлик каби миллий ҳунармандчилик турларига ихтисослашган 240 ўринли замонавий мактаб-интернатнинг фойдаланишга топширилиши, айниқса, фурқатликлар учун катта тантанага айланиб кетди.
Ўқувчилар учун мактаб ҳудудида спорт зали, 64 ўринли ошхона, 126 ўринли фаоллар зали, 60 ўринли ётоқхона қурилган бўлиб, бунинг учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жами 9,2 млрд.сўм маблағ сарфланиб, қурилиш ва жиҳозлаш ишлари бажарилди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров барча соҳалар каби миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш бўйича давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг амалий натижаси хусусида сўз юритди.
Президентимиз 2022 йилда Фарғона вилоятига ташрифи чоғида “Уста Юсуфжон наққош” оилавий корхонасида бўлиб, унинг фаолияти билан танишган эди. Бу ерда наққошлик, ёғочсозлик санъатини янада ривожлантириш, келажак авлодга қолдириш, бу соҳада фаолият олиб борувчи ёшларнинг сонини кўпайтириш, энг муҳими, бу ишларга илм билан ёндашиш мақсадида мактаб ташкил этиш бўйича топшириқлар берганди. Мазкур мактаб мазкур топшириқлар ижроси доирасида ташкил этилди.
[gallery-23915]
–Ҳар бир ишда илм керак. Илм бўлмаса, у соҳа ривожланмайди, тараққий этмайди, вақтинчалик бўлади, секин йўқолиб кетишига тўғри келади. Илм бўлса, унга сайқал бўлади. Сайқал берилгандан кейин яна ривож топаверади. Эртага биринчидан, бу анъаналар сақлаб қолинади, иккинчидан, даромад манбаи бўлади. Ёшларга касб-ҳунар, иш ўрни бўлади. Мана шундай эзгу ниятларни кўзлаб бу мактаб бунёд қилинди, – деди вилоят ҳокими.
Юртимизда давом этаётган “Долзарб 90 кун” дастури доирасидаги тадбирларни ташкиллаштиришда, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишда, шу билан бирга уларга касб-ҳунар ўргатиш ва иқтидорларини ривожлантиришда ҳам ушбу мактабнинг очилиши муҳим ўринга эга эканлиги қайд этилди.
Ўзбекистон халқ устаси Муҳаммадали Юнусовнинг ютуқлари, меҳнатлари эътироф этилиб, мактаб-интернат фаолиятини самарали йўлга қўйишда доимо кўмакчи бўлиши, унинг ёрдамига таянилиши айтиб ўтилди.
Бу таълим масканидан кўплаб уста-ҳунармандлар етишиб чиқишига, улар томонидан тайёрланган маҳсулотлар хориж бозорларига ҳам экспорт қилиниб, дунё жамоатчилиги эътиборини тортишига ишонч билдирилди.
Рамзий тасма қирқилиб, тадбир иштирокчилари мактабда яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар билан танишди.
М.Сулаймонов, М. Қодиров(сурат),
ЎзА