Ўзбек ҳунармандчилик усталарининг 11 нафари дунёдаги машҳур “Homo Faber” маълумотномасига киритилди. Бу нуфузли халқаро ташкилот – Микеланжело ижодкорлик ва ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ўзбек ҳунармандчилиги анъаналарининг эътироф этилгани, десак муболаға бўлмайди.
Шу муносабат билан Бухорода жорий йилнинг 30–31 май кунлари анъанавий ҳунармандчилик соҳасида халқаро маданий алмашинувни янада ривожлантиришга бағишланган маданий тадбирлар ўтказилмоқда. Бухоро шаҳридаги “Кўкалдош” мадрасасида ташкил этилган маданий тадбирлар дастури доирасида “Homo Faber Guide” нинг Ўзбекистонга оид боби тақдимоти ўтказилди. Унда Микеланжело жамғармасининг ижрочи директори Альберто Кавалли ва Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Гаяне Умерова иштирок этди. Тадбир доирасида “Ҳунармандлик кучи” номли шўъба йиғилиши ҳам ўтказилди. Таниқли дизайнер ва ҳунармандлар Нада Дебс (Ливан) ва Аҳмад Ангавий (Саудия Арабистони) нинг иштироки тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
– Биз Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорлик қилаётганимиздан мамнунмиз, – дейди Микеланжело жамғармасининг ижрочи директори Альберто Кавалли журналистлар билан мулоқотда. – Ушбу ҳамкорлик ҳам Ўзбекистонга оид алоҳида боб, ҳам Марказий осиёлик илк уста ҳунармандларнинг “Homo Faber Guide” йўриқномасига киритилишига бағишланган маданий дастурнинг асосини ташкил этди. Ҳунармандчилик ҳаётни ўзгартириши мумкин деган эътиқоддан келиб чиқиб, Микеланжело жамғармаси ҳунармандларни мазкур соҳани қадрловчи мухлислар билан таништиради. Уларнинг барқарор хизмат пиллапояларидан кўтарилишига кўмаклашади. Ёш авлодни қўллаб-қувватлайди ва моҳир ҳунармандларни рағбатлантиради. Биз, турли ҳунармандчилик кўникмаларини тарғиб этиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида маслакдош, ҳамфикр ташкилотларнинг мададларига таянамиз. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг тавсияси билан ўзбекистонлик усталарнинг бебаҳо хазиналарини кашф этишни сабрсизлик билан кутиб қоламиз.
“Homo Faber” йўлланмаси рўйхатига ўзбекистонлик усталарни киритилишига бағишланган махсус тадбирлар доирасида Микеланжело жамғармаси раҳбарлари Самарқандда ҳам бўлиши кўзда тутилган. Шунингдек, Самарқанд ва Бухорода маҳаллий ҳунармандлар ва маданий мерос иншоотлари билан танишади. Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Микеланжело жамғармаси каштачилик йўналишида таҳсил олаётган 10 нафар хорижлик талаба ва ёш мутахассисларга Бухорога ташриф буюриб, ўзбекистонлик тенгдошлари ва ҳунармандлари билан тажриба алмашиш, Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти, анъана ва урф-одатлари билан танишиш ҳамда “Homo Faber Guide” рўйхатида келтирилган таниқли ҳунармандлар билан шахсан учрашиш имконини беради.
[gallery-12138]
Мазкур маданий алмашинувни қўллаб-қувватлаган ҳолда “Homo Faber Guide” муҳаррири Андреа Томаси ҳам ҳунармандчилик масканлари, етакчи мутахассислар ва усталар ҳақида батафсилроқ маълумотга эга бўлиш мақсадида мамлакат бўйлаб саёҳат қилади. Ушбу тадқиқот “Homo Faber Guide” сайтида ўзбек ҳунармандчилиги анъаналарининг виртуал макондаги тафсилотларини кенгайтиришга қаратилган.
“Homo Faber” лойиҳаси шафелигида Бухородаги тадбирлар янги анъана ҳисобланиб, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ўзаро англашув ва турли ҳунармандчилик амалиётларига, қадриятларга садоқатини намойиш этувчи ҳар йиллик тадбирга айланиши режалаштирилган. Айнан жаҳон маданий бойлиги ва ҳунармандчилигининг ранг-баранглигини асраб-авайлаш ва оммалаштиришга қаратилган ташаббуслар орқали анъанавий ўзбек ҳунармандчилиги инсоният маданий меросидан муносиб ўрин эгаллай олади.
Ўтказилаётган тадбирлардан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Микеланжело жамғармаси ўртасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини ўрнатиш, ижодкорлик ва ҳунармандчиликнинг халқаро ривожланишига нисбатан Ўзбекистоннинг ролини намойиш этиш, Микеланжело жамғармаси лойиҳалари орқали мамлакат ривожига кўмаклашиш учун ҳунармандларни жалб этиш, бутун дунё каштачилик усталарини зардўзлик санъати билан таништириш ва маҳаллий устахоналарда ижодкорликни рағбатлантиришга қаратилган.
“Homo Faber Guide” қўл меҳнати билан тайёрланган ҳунармандчиликни тарғиб этади. Микеланжело жамғармаси томонидан яратилган онлайн майдонча ҳунармандлар, ательелар, саноат корхоналари, музей, галереяларни излаб топиш имконини беради. Шунингдек, Европа ва унинг сарҳадларидан ташқарида ҳунармандчиликнинг замонавий ривожланиши билан боғлиқ тажрибани тақдим этади. Платформа ҳунармандчилик жонбозлари, сара тўпламлар шайдолари, соҳанинг нозик дидли заршунослари, ҳавасманд саёҳатчилар ва такомилига етган санъат намуналарини яратувчи дизайнерларни бирлаштиради. Айни пайтда порталда 2200 дан ортиқ истеъдодли ҳунармандлар ва уларнинг бетакрор асарлари тақдим этилган. Янги сараланган усталар ҳар ҳафта, янги мамлакатлар эса ҳар уч ойда маълумотлар базасига қўшилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА