Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади
18:02 / 2023-07-24

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.

Жамғарма маблағларидан тадбиркорлик субъектларига: 

касаначиликни ташкил этган маҳаллалар жойлашган ҳудуддан қатъи назар, ҳар бир касаначининг дастлабки уч ой давомидаги касаначилик фаолияти учун бир ойлик ўртача даромади миқдорида; 

2025 йил 1 январга қадар касаначилик билан шуғулланаётган ишсиз ва иш қидираётган, шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ёки “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқароларга асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилиш бўйича харажатларини қоплаш учун, бироқ ҳар бир касаначи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача миқдорда;

касаначилик ёки ҳунармандчилик асосида уй шароитида ишлаётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойини мослаштириш учун ҳар бир мослаштирилаётган иш жойи бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача миқдорда; 

касаначиларни касб-ҳунарга ўқитишга сарфланадиган харажатларни уч ойгача бўлган муддатда қоплаш учун, бироқ ҳар бир касаначи учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваригача миқдорда; 

нодавлат таълим ташкилотларида касаначилик йўналишида ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчига касбга ўқитиш учун сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан ошмаган миқдорда субсидиялар ажратиш кўзда тутилган. 

Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан туман (шаҳар)ларнинг тоифасига қараб: “Уста-шогирд” анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга шогирдлар тайёрлаш, зарур хомашё сотиб олиш ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача; шогирдларга - мустақил фаолият бошлаши учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозларни сотиб олиш харажатларининг 75 фоиздан ошмаган, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача; 

усталарга - интернет сайтларини яратиш, ўз маҳсулотларини жаҳон электрон савдо майдончаларига чиқариш ва реклама харажатларининг 75 фоиздан ошмаган, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача;

ҳунармандларнинг “Ҳунарманд” уюшмасига аъзолик бадали харажатлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача субсидия ажратилади.

Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан жалб қилинган ҳар бир касаначи учун 1 миллион сўмгача, бироқ 2 йилгача муддатга жами 150 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади. 

Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомга мувофиқ, жамғарма маблағларини шакллантириш; 

тадбиркорлик субъектларига субсидиялар ва ссуда ажратиш; 

жамғарма маблағларини бошқариш ва молиялаштириш; 

жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш тартиби ҳам тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги:

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб, иш берувчилар томонидан ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш каби ҳолатлар бўйича мурожаатларни қабул қиладиган “Са11-марказ”ни ишга туширади.

 Қарорга кўра вазирлик “Call-марказ” орқали фуқаролардан тушаётган барча мурожаатларни умумлаштириш ҳамда белгиланган тартибда кўриб чиқиш, ушбу мурожаатлар бўйича ташкилотлардан зарур маълумотларни талаб қилиш, шунингдек, қонунчилик талабларининг бузилиш ҳолатлари аниқланганда, белгиланган тартибда таъсир чораларини қўллаш ваколатига ҳам эгадир.

ЎзА