Қўқон III халқаро ҳунармандчилик фестивали доирасида унинг биринчи куни Ўзбекистон ҳунармандчилиги анъаналари ва ривожи ҳақида батафсил маълумот берувчи “Ўзбекистон ҳунармандчилиги” китоб-альбоми тақдим этилди.
Мазкур нашрда юртимизда асрлар давомида шаклланиб келган ҳунармандчилик мактаблари, уста-шогирд анъаналари, турли ҳудудлардаги бадиий услублар ва замонавий ривожланиш тенденциялари ҳақида бой маълумотлар ўз аксини топган.


Китоб тақдимотида сўз олган Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бундай китоб-албомлар халқнинг минг йиллар давомида ортирган тажриба ва маҳоратини тарихга муҳрлайди, деди. Жаҳон ҳунармандлар кенгаши раиси Саад ал Қаддуми “Ўзбекистон ҳунармандчилиги” китоби бошқа тилларга ҳам таржима қилинишини ва дунё мамлакатлари ҳунармандлари учун у фойдали эканини алоҳида таъкидлади.


Шундан сўнг покистонлик киноижодкорлар яратган ёғоч ўймакорлигига бағишланган фильм намойиш этилди.
Фестивалнинг муҳим воқеаларидан бири илмий-амалий анжуман эди.


Қўқон давлат мусиқали драма театрида “Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилаётир. Унда Франция, Австрия, Эрон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан 38 нафар мутахассис иштирок этмоқда. Мазкур конференцияда йўқолиб бораётган анъанавий ҳунар турларини асраб-авайлаш, уларни замонавий шароитда қайта талқин қилиш, музей экспонатларини сақлаш ва туризм салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама этилмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/S8JWupI-ScU" title="Hunarmandchilik tarixiga muhrlangan kitob va konferensiya" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео), ЎзА