Айни кунларда Туркияда бўлиб ўтаётган “Қўл меҳнати ва халқ амалий санъати” номли халқаро ҳунармандчилик фестивалида мамлакатимиздан қўли гул ҳунарманд аёллар ҳам иштирок этмоқда.
Хусусан, фестивалда "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Наманган вилоят бўлинмаси, “Ҳунарманд” уюшмасининг фаоллари ўзларининг қўл меҳнати намуналаридан намойиш этиб, хорижликлар эътиборини қозонмоқда. Республика “Ҳунарманд” уюшмаси маълумотига кўра, ўзбегимнинг хон атласию, турфа рангдаги адраслардан тикилган чопон, ҳалат, нимча каби миллий либослар барчага манзур бўляпти.
Шунингдек, Москва шаҳридаги Бутунроссия кўргазма марказида “Ўзбекистон Республикаси кўргазма-маданий маркази” экспозицион марказининг очилиши бўлиб ўтди. Унда “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан тақдим этилган ҳунармандчилик маҳсулотларида ўзбек халқ амалий санъатининг нодир намуналари намойиш этилди.
Ҳунармандларимиз Эрон Ислом Республикасининг Теҳрон шаҳрида ташкил этиладиган ногиронлиги бўлган ҳунармандлар иштирокидаги 3-Халқаро фестивалда ҳам қатнашади.
Гулноза Бобоева, ЎзА