Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан “Ҳунармандчиликни ривожлантириш: анъанавий санъатдан инновацион бизнесгача” мавзуида давра суҳбати ҳамда “Ҳунарманд” журналининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда “Humo dokumentariy” МЧЖ ўртасида ўзаро меморандум имзоланди.
Таъкидланганидек, меморандумда томонлар Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг маданий меросини, анъанавий ҳунармандчилик санъатини сақлаш ва оммалаштириш, ҳунармандчилик мероси бўйича ҳужжатли фильмлар, мултимедиа лойиҳалари ва рақамли архивларни яратиш ва тарғиб қилиш, қўшма кўргазмалар, фестиваллар ва маданий тадбирларни ташкил этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, анъаналарни ёш авлодга етказишга қаратилган таълим ва тадқиқот ташаббусларини ўтказиш, ҳунармандчиликнинг каштачилик, миллий ўйинчоқлар ясаш, кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги, гиламдўзлик, миллий чолғу асбобларини яратиш турларини ривожлантириш ва оммалаштиришга кўмаклашади.
Тадбир давомида “Humo dokumentary” МЧЖ томонидан Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё маданий меросини сақлаш ва оммалаштириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган платформасининг ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси таъсисчилигида чоп этилган “Ҳунарманд” журналининг тақдимоти ўтказилди.
[gallery-22787]
Тадбирда қайд этилганидек, “Ҳунарманд” журналининг биринчи сони ўзбек амалий санъатининг кўп асрлик анъаналарига, ҳунарманд усталаримизнинг бадиий тажрибасига бағишланади. Журнал мазмуни етакчи уста-ҳунармандлар билан суҳбатлар, бадиий ҳунармандчилик ривожининг тенденциялари ва эътиборга молик кўргазмалар ҳақидаги таҳлилий мақолалар, кам ўрганилган ёки унитилаётган анъаналарга бағишланган материаллар ҳамда тарихий очеркларни ўз ичига олган.
Тадбирда лидер ҳунармандлар ҳам иштирок этиб, мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда бу борадаги муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида сўз юритди.
Гулноза Бобоева,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА